Генри Форд: Ҳақиқий қадриятларни сохта нарсалардан ажрата олганлигим сабаб миллионер бўлганман

Бир куни Генри Форд Англияга иш билан келди. Аэропортдаги ахборотлар столида у яқин атрофда бўлган арзон меҳмонхона тўғрисида суриштирди.

Газеталарда Форд ҳақида тез-тез ёзишарди. У эса бу ерда, эски плашда туриб, арзон меҳмонхона излаяпти. Шунда хизматчи иккиланиб сўради:

-   Адашмасам сиз мистер Генри Фордсиз?

-   Шундай, - жавоб берди у.

Хизматчи ҳайрон қолди:

-   Яқинда ушбу пештахта олдида ўғлингизни кўргандим. У энг қиммат хонага буюртма берди. Сиз эса арзон меҳмонхонани сўраяпсиз ва... Кечирасизу, оҳори тўкилган плаш кийиб юрибсиз. Наҳотки, шу даражада пулни тежасангиз?

Генри Форд бироз ўйланиб, жавоб берди:

-   Менга қиммат меҳмонхонада яшашнинг ҳожати йўқ. Чунки ортиқча пул тўлашнинг сабабини кўрмаяпман. Қаерда бўлсам ҳам мен Генри Фордман ва меҳмонхоналардаги катта фарқни билмайман. Арзон меҳмонхонада ҳам қиммат меҳмонхонадагидек яхши дам олса бўлади. Ҳа, бу плаш – сиз ҳақсиз, бир пайтлар уни отам кийган эди. Мен учун бунинг аҳамияти йўқ. Чунки мен ҳатто шу плашда ҳам Генри Фордман.

Ўғлим эса ҳали ёш ва тажрибасиз. Шунинг учун у арзон меҳмонхонада қолса, одамлар нима деб ўйлашидан қўрқади.

Бошқаларнинг мен ҳақимдаги фикри мени ташвишга солмайди. Чунки мен ўз қадр-қимматимни биламан. Мен пулни санаб, ҳақиқий қадриятларни сохта нарсалардан ажрата олганлигим сабаб миллионер бўлганман.

Баҳора МУҲАММАДИЕВА тайёрлади.