Геоматика муҳандислиги: Янги кафедранинг янги имкониятлари

Республикамизда ер ресурслари, давлат кадастрлари ҳамда геоинформатика бўйича фаолият юритаётган олимларни тармоқлараро илмий тадқиқотларга йўналтириш, шунингдек, халқаро миқёсдаги илмий жамиятларга жалб этилишини кенгайтириш, ОТМ ва ИТМларнинг халқаро академик алмашувини кучайтириш, ер тузиш ва кадастр соҳаларига оид илм-фан ютуқлари ва инновацион ишланмаларни амалиётга жорий этишдан иборат десак айни хақиқатни айтган бўламиз.

Биргина мамлакатимиз миқёсида олиб қарасак, олий таълим муассасаларида олиб борилаётган илмий-тадқиқот ишлари натижадорлигини ошириш, шунингдек, фанларнинг инновацион инфратузилмасини шакллантириш, илмий-тадқиқот фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланган олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси асосида бир қатор ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, дунёнинг етакчи мамлакатлари ҳамда THE, QS ва ARWU каби нуфузли рейтинг агентликлари тажрибаси асосида олий таълим муассасаларининг халқаро рейтингга кириш йўлидаги дастлабки қадамлар ташланди.

Мирзо Улуғбек номидаги Самарқанд давлат архитектура-қурилиш университетида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 8 ноябрдаги «Архитектура-қурилиш соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида белгиланган вазифалар ижросидан келиб чиқиб, архитектура-қурилиш соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини илғор хорижий тажриба ҳамда халқаро стандартлар асосида трансформация қилиш, таълим жараёнига инновацион технологияларни жорий этиш, илмий-тадқиқот ишлари самарадорлигини ошириш ҳамда таълим, илм-фан ва ишлаб чиқаришнинг ўзаро интеграциясини мустаҳкамлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

2023 йилда университетнинг «Геоматика муҳандислиги» кафедрасига асос солинди. Бу ерда геоматика муҳандислиги, геодезия геоинформатика, кадастр таълим йўналишлари бўйича бакалаврлар, геоматка муҳандислиги, кадастр, ерни масофадан зондлаш мутахасислиги бўйича магистрлар  тайёрланмоқда. Кафедрада републикадаги геодезия, кадастр ва ер тузиш муҳандисларига нисбатан эҳтиёжнинг ортиб бораётганлигини назарда тутган ҳолда, сиртқи ва иккинчи олий таълим йўналишида ҳам малакали мутахассислар тайёрланиб келинмоқда. Кафедрада тайёрланаётган бакалавр ва магистр талабалар бевосита кафедрадаги профессор-ўқитувчилар илмий раҳбарлиги остида республика ва халқаро миқёсдаги конференциялар, илмий журналларда ўз маърузалари билан иштирок этиб келмоқда.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Олий аттестация комиссиясининг 2023 йил 26 январдаги Раёсат қарори билан Самарқанд давлат архитектура-қурилиш университетида янги илмий кенгаш ташкил қилинди. Ушбу илмий кенгашда «Геодезия. Картография», «Геоинформатика», «Ер тузилиши, кадастр ва ер мониторинги» ихтисосликларида ҳимоялар ўтказиш йўлга қўйилди. Кейинги йилларда  кафедранинг 6 нафар илмий изланувчилари 6 нафари фалсафа доктори (PhD) илмий даражасига эга бўлдилар. «Геоматика муҳандислиги» кафедрасининг 10 нафар профессор-ўқитувчилари Туркия ва Россия давлатларида илмий стажировка ўташди.

2024 йилда Республика аэрогеодезия корхонаси Самарқанд ҳудудлараро бўлинмасида ушбу кафедранинг филиали ташкил этилди.

Кафедра жамоаси ўзининг эътиборини юқори малакали мутахассислар тайёрлаш билан бир қаторда республикамизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асоси ҳисобланган ер майдонларидан оқилона ва самарали фойдаланишни ташкил этиш, геоинформатика, ерни масофадан зондлаш, картография, кадастр, ер ресурсларини бошқариш, геодезик ишларни такомиллаштириш йўналишларида катта ҳажмдаги илмий-тадқиқот ишларини бажаришга, шунингдек, талабалар ўртасида юксак даражада маънавий-маърифий ишларни амалга оширишга қаратган.

Бунинг натижасида кафедра салоҳияти сезиларли даражада кўтарилди. Жумладан, кафедрада 2023-2024 йиллар оралиғида 20 та ўқув қўлланма, 8 та дарслик, 4 та услубий кўрсатма, шунингдек, Scopus ва WoS базаларидаги манбаларда чоп этиладиган илмий ишлар сони 20 тани ташкил этмоқда.

Кафедрада кейинги икки йилда 2 та халқаро илмий-амалий анжуман ўтказилди. Жумладан, 2023 йил 18 апрель куни «Давлат кадастрлари  тизимини такомиллаштиришда илм-фан ютуқлари ва инновацион технологияларни амалиётга жорий этишнинг долзарб муаммолари» мавзусидаги халқаро илмий конференция ҳамда 2024 йил 16-17 апрель кунлари «Ер ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишда геоматика соҳасида эришилган ютуқларни амалиётга жорий этишнинг долзарб муаммолари» мавзусидаги халқаро анжуман ўтказилди. Унда «Ўздаверлойиҳа» институти олимлари ҳамда геодезия ва кадастр соҳасига оид ўндан ортиқ хорижий ва республикамиздаги олий таълим муассасалариолимлари ҳамда ишлаб чиқариш корхоналари мутахассислари иштирок этди.

Бугунги кунда кафедрада «Самарқанд шаҳрида ички хўжалик йўлларини топографик съёмка қилиш, автомобиль йўлларининг рақамли харитасини яратиш ҳамда ер ажратиш материалларини тайёрлаш» мавзусидаги 1/2024 рақамли 5 млрд. 724 млн. сўмлик хўжалик шартномаси бажарилмоқда.

Кафедра олимлари Япониянинг SATREPS илмий дастури, Европа ҳамжамиятининг Horizon дастури, Германиянинг DAAD жамғармаси Ўзбекистон-Германия ҳамкорлигидаги қўшма халқаро илмий лойиҳаларни қўлга киритиш устида илмий изланишлар олиб боришмоқда.

Дониёр Жўрақулов,

Самарқанд давлат архитектура-қурилиш университети профессори.

Воҳиджон Ниязов,

университетнинг «Геоматика муҳандислиги» кафедраси мудири, т.ф.ф.д (PhD).