Греция ҳукумати коронавирус билан боғлиқ фавқулодда вазият эълон қилди
Греция ҳукумати сўнгги кунларда мамлакатда коронавирус ўчоқлари сони ошаётганлигидан хавотирда. Вазият ўта оғир деб баҳоланмоқда. Мамлакатнинг шимолий қисмидаги Кастория шаҳрида қатъий карантин (локдаун) жорий этилди. Бу ҳақда мамлакатнинг фуқаролар ҳимояси вазири ўринбосари Никос Хардалиас маълум қилди.
У мамлакатда коронавирус билан бир кеча-кундузлик касалланиш сони 865 нафарга, рекорд кўрсаткичга етганига тўхталиб ўтди.
“Бу эпидемия кучаяётганидан далолат беради. Хавфли хуруж, айниқса, Шимолий Грецияда ўртача 37 ёш атрофида бўлган, Салоникида эса ўртача 28 ёшлилар орасида кўпаймоқда”, деди Хардалиас.
Унинг сўзларига кўра, 21 октябрь куни мамлакат бўйлаб 24 минг рекорд сонли тест таҳлиллари ўтказилган.
“23 октябрь соат 6:00 дан бошлаб Кастория энг юқори 4-хавф даражасига ўтказилади. Янина юқори кузатув остида 3–хавф даражасида қолади, у ердаги вазият 24 октябрь куни қайта ўрганилади. Салоники, Беотия, Лариса ва Серра ҳудудлари юқори кузатув остидаги 3-хавф даражасига кўтарилади”, деб маълум қилди Хардалиас.