Ҳафта охирида жазирама чекиниб, ҳаво салқинлашади

Бугун Ўзбекистон ҳудудида об-ҳаво жуда иссиқ бўлади. "Ўзгидромет" хабарига кўра, ҳарорат 39-42 даражагача, жанубий туманларда ва Навоий ва Бухоро вилоятларининг чўл зонасида 43-44 даражагача кўтарилади. Бундай ҳарорат шу кун учун хос бўлган ўртача кўп йиллик қийматлардан 5-8 даражага юқори. Туркманистон ҳудудидан иссиқ ҳаво кириши кучайиши билан шамолнинг тезлиги секундига 15-20 метргача етиши мумкин.

23 июнда Қозоғистондан атмосфера фронти ўтиши билан Ўзбекистонда об-ҳаво шароитларининг ўзгариши кутилмоқда. Республикада об-ҳаво ёғингарчиликсиз бўлади. Фақат Тошкент вилоятида эрталаб ва кечқурун, Тошкент, Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларининг тоғолди ва тоғли туманларида айрим жойларга қисқа муддатли ёмғир ёғиши ва момақалдироқ бўлиши мумкин. Кундузги ҳарорат сезиларли пасаяди ва 35-40 даража атрофида, жанубда ва чўл зонасида 42 даража иссиқ бўлади. Ҳаво оқимининг ўзгариши билан шамолнинг тезлиги секундига 15-20 метргача кучаяди.

24-25 июнда республикада об-ҳаво ёғингарчиликсиз бўлади. Ҳарорат кечаси 19-24 даража, кундузи 35-40 даража иссиқ бўлади.

26 июнда мамлакат шимолига, 27 июнда қолган ҳудудларга Волгабўйидан салқин антициклоннинг кириши кутилмоқда. Ҳаво ҳарорати 8-10 даражага пасайиб, 27-30 даражани ташкил қилади. Бу меъёрий ҳароратдан 5-6 даражага пастдир. Тунги ҳарорат эса ўша меъёрларда сақланиб қолади — 19-24 даража бўлади. Совуқ фронт ўтиши билан яна шамол кучайиб, 15-20 м/с. тезликда эсиши прогноз қилинмоқда.