“Ҳалоллик вакцинаси” яратилса бахтли бўламиз(ми?)
“Ҳалоллик вакцинаси”ни яратишда инсоннинг бахт тўғрисидаги тушунчасини соғломлаштириш муҳим аҳамиятга эга. Бунда инсоннинг хулқини белгилайдиган нарса унинг бахт тўғрисидаги тушунчаси эканлигидан келиб чиқилган. Инсон бахтлилигининг энг муҳим шарти қўрқувсиз эркин яшаш ҳисси ва хотиржамлиги эканлиги асослаб берилган. Буни англаган одамда коррупцияга қарши антивирус шаклланишига имконият пайдо бўлади.
Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар муваффақиятига ва тараққиётимизга коррупция иллати асосий тўсиқ ҳисобланади. Шунинг учун коррупцияга қарши кураш масаласи бугунги кунда биз учун энг долзарб муаммо саналади ва ушбу муаммонинг ечими маънавий юксалишга қаратилган профилактика ишлари билан боғлиқдир. Жамиятнинг маънавий юксалишида эса маърифий ислом дини ҳал қилувчи роль ўйнайди, чунки маънавият бу, энг аввало, инсоннинг руҳини поклаш демакдир.
Бугунги кунда, инсоният жамиятида мавжуд бўлган ижтимоий муаммолар, нафақат ижтимоий тараққиётга тўсиқ, балки жамиятнинг кейинги мавжуд бўлишини гумон остига қўймоқда. Бундай муаммоларга ядро қирғин қуроли таҳдиди, терроризм, экологик муаммолар, оиланинг глобал инқирози, бактериологик қуроллар ва коррупция муаммолари киради. Ушбу муаммоларни бартараф қилишда оқибат билан курашгандан кўра унинг олдини олиш, яъни сабабни бартараф қилиш муҳим аҳамиятга эга. Бу муаммолар сабаби одамларнинг хулқи билан боғлиқ. Чунки жамиятда қанақа муаммо бўлмасинки, у одамлар томонидан содир қилинади. Демак, муаммоларнинг ечими одамларнинг хулқини ўрганишни тақозо этади.
Одамнинг хулқи унинг бахт тўғрисидаги тушунчаси билан боғлиқ. “Ҳалоллик вакцинаси”ни ишлаб чиқиш бугунги кунда жамиятшунос олимлар олдида турган энг долзарб муаммо ҳисобланади. Бундай “вакцина”ни ишлаб чиқиш учун инсон хулқини белгилайдиган омилларни аниқлаш ва ўшандан келиб чиқиб фикрлаш керак бўлади.
Инсонда ижтимоий онг шакллангандан бошлаб у бахтли яшайдиган фаровон жамиятни орзу қиляпти ва нимани бахт деб ҳисобласа, ўшанга интилиб яшамоқда. Шунинг учун инсоннинг хулқи, юриш-туриши, хатти-ҳаракати ва тўғри ёки эгри йўлдан юриши унинг бахт тўғрисидаги тушунчаси билан боғлиқ бўлади. Агар инсон учун бахтли бўлиш моддий жиҳатдан бой бўлиш бўлса, унда у моддий бойлик илинжида яшаб, моддий эҳтиёжларининг қулига айланиб қолади. Кейин эса, моддий бойлик учун ҳуқуқ ва ахлоқ меъёрларини бузишга мойил бўлади. Абу Наср Форобий ушбу хусусда гапириб, “Аммо агар инсоннинг фикрлаш қуввати бахт-саодатнинг мазмун, моҳиятини билмасдан (хато фикрлаш) ўткинчи, бошқаларга ҳам, ўзига ҳам зарар етказувчи, арзимас роҳат-лаззатларни бахт-саодат деб ўйлаб (мол, мулкни купайтириш каби) номуносиб мақсадларга интилса, бу интилиш ва ҳаракатлар гўзал эмас, балки расво, тубан иш-ҳаракатлардир”, деб таъкидлаган. Бундай одамлар бўлган жойда коррупция, хуфёна иқтисодиёт ва ахлоқсизлик, бузуқлик каби иллатлар келиб чиқишига шароит яратилади. Бундай иллатга чалинган одамлар моддий жиҳатдан бой бўлишади, лекин тинчлик ва хотиржамликдан маҳрум бўлиб, бахтли ҳаётдан узоқлашишади.
Буни тушуниш учун эса, улар бахт бу, энг аввало, қўрқувсиз эркин яшаш ҳисси, тинчлик ва хотиржамлик эканлигини англаб олган бўлишлари лозим. Буни англаб олган одамда юқорида қайд этилган иллатларга қарши иммунитет шаклланган бўлади, чунки ушбу иллатлар инсон бахтлилигининг муҳим шарти бўлган қўрқувсиз эркин яшаш ҳисси ва хотиржамликдан маҳрум этади. Шунинг учун инсоннинг бахт тўғрисидаги соғлом тушунчаси “ҳалоллик вакцинаси”нинг муҳим элементи сифатида хизмат қилади деб айтиш мумкин. Албатта, “ҳалоллик вакцинаси” таркибида бошқа элементлар ҳам бўлади, лекин бахт тўғрисидаги соғлом тушунча асосий элемент ҳисобланади, чунки вакцинанинг бошқа барча элементлари бахт тўғрисидаги тушунча билан боғлиқ бўлади.
“Ҳалоллик вакцинаси” деганда ҳаром қилинган ишларни қилишга ундайдиган вирусни ўлдиришга қодир бўлган антивирус ролини бажарадиган ғоялар мажмуи тушунилади. Коррупция иллати ана шундай ҳаром қилинган ижтимоий касаллик ҳисобланади ва бу касалликни келтириб чиқарадиган вирус бўлади.
Коррупциянинг вируси деб порахўрликни айтиш мумкин, чунки коррупция порахўрликнинг бирлашганлик ва уюшганлик ҳолати ҳисобланади. Порахўрлик инсоннинг ўз нафсини, эҳтиёжларини жиловлай олмаслик натижасида келиб чиқади. Ўз эҳтиёжи ва нафсининг қулига айланиб қолган одамда порахўрлик вируси келиб чиқади. Бу эса, маънавий қашшоқлик билан боғлиқ.
Маънавий қашшоқ одам бахтли ҳаётни моддий жиҳатдан бой бўлиш деб тушунади ва пулинг бўлса, чангалда шўрва деган тамойилга асосланиб яшайди. Бундай одам ҳар қандай йўл билан бўлса ҳам, моддий жиҳатдан бой бўлишга ҳаракат қилади. Ана шундай йўллардан бири меҳнат қилмасдан, пора олиш орқали моддий жиҳатдан бой бўлишдир. Демак, порахўрлик вируси одамнинг бахт тўғрисидаги носоғлом тушунчаси билан боғлиқ. Шунинг учун ушбу иллатнинг антивируси одамнинг бахт тўғрисидаги тушунчасини соғломлаштириш билан боғлиқ бўлади.
Инсон ўзи қанчалик ҳаракат қилмасин, агар бахтли ҳаётни таъминлайдиган ижтимоий шароит бўлмаса, унинг бахтли бўлиши гумон бўлиб қолади. Инсон бахтлилигининг энг муҳим шартларидан бири – бу унинг мустақиллигидир. Иккинчи муҳим шарт – бу тинчлик ва осойишталикнинг таъминланганлигидир. Учинчи муҳим шарт – бу адолатли ижтимоий тартиб барқарорлигининг таъминланганлигидир.
Шунинг учун боболаримиз дуо қилганда узоқ ва бахтли умр кўргин деб айтишади. Демак, бахтлилик ва узоқ умр кўриш бир-бирига боғлиқ бўлган тушунчалар экан. Бинобарин, бахт – бу қўрқувсиз эркин яшаш ҳисси ва қалбдаги хотиржамлик ҳамда моддий ва маънавий эҳтиёжларнинг қондирилганлик ҳолати деб айтиш тўғри бўлади. Инсон қўрқмасдан эркин яшаши учун унинг хавфсизлиги таъминланган бўлиши лозим. Бунинг учун эса, инсон хавфсизлигига бўлган таҳдидлардан ҳимояланган бўлиши керак. Таҳдид деганда инсонга бирор-бир жисмоний, моддий ва маънавий зарар, шикаст ва зиён етказилиши мумкинлиги, яъни хавф эҳтимоли тушунилади.
Ибн Сино ҳайвонлар билан ўтказилган тажриба асосида қўрқувнинг тирик организмга ҳалокатли таъсир этишини исботлаб берган. Ибн Сино тажрибада иккита бир хил ёшдаги қўйни иккита алоҳида уйда бир хил боқади, фақат хоналардан бирига қафасга бўрини солиб қўяди. Тажриба натижасида шу нарса маълум бўладики, бўри бўлган хонадаги қўй овқат еса ҳам, сув ичса ҳам кўзи бўрида бўлган, иштаҳаси бўғилиб борган ва охир оқибатда ҳалок бўлган. Демак, қўрқув тирик организмга, жумладан, инсонга ҳам ҳалокатли таъсир этар экан.
Назорат ва жазолаш билан ижобий натижага эришиб бўлмаслиги тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев “Лекин фақат қамчи ва қилич билан ижобий натижаларга эришиб бўладими? Бу нафақат – хато фикр, балки чуқур янглиш, деб ҳисоблайман. Бу борада профилактика ишларини ким самарали олиб боради?”, деб савол билан мурожаат қилган. Ушбу саволга жавоб бериш учун профилактика ишларини амалга ошириш учун керак бўлган “ҳалоллик вакцинаси” ишлаб чиқилган бўлиши лозим.
Коррупция таҳдидига қарши иммунитетни шакллантиришга ёки вирусга қарши антивирусни шакллантиришга хизмат қиладиган вакцина ҳаётбахш сўзлардан ва ғоялардан иборат бўлади. “Вакцина” бўлиб инсоннинг бахт ҳақидаги тўғри тушунчаси, бахтга эришишда мустақилликнинг, тинчликнинг, адолатнинг, маънавиятнинг, миллий ғоянинг, демократиянинг, фуқаролик жамиятининг, ислоҳотларимиз асосида ётган либераллаштиришнинг ўрни ва Ўзбекистон танлаган эволюцион тараққиёт йўлининг аҳамияти тўғрисидаги ғоялар мажмуи хизмат қилади.
Норозилик бўлган муҳитда одамлар онгу қалбига эзгу ғояларни сингдириб бўлмайди. Коррупция – бу ҳалокат, коррупционер эса террористдан ҳам хавфли фалокат деб айтиш мумкин.
Адолат билан разолат ўртасидаги курашда кимнинг ғалаба қозониши одамлардаги бефарқлик ва дахлдорлик ҳиссига боғлиқ. Бефарқлик кучли бўлган муҳитда разолат ғалаба қозонади, чунки бефарқ одам шайтон измида юрган бўлади. Шунинг учун одамлар ўзларига мен кимнинг измида юрибман деган савол билан мурожаат қилиб туришлари керак.
Маънавият қашшоқ бўлган жойда коррупцияга шароит яратилади ва коррупция бу шароитни асраш учун маънавиятнинг юксалишига йўл қўймайди. Чунки коррупция иллат сифатида фақат носоғлом ижтимоий муҳитдагина мавжуд бўлади ва бундай муҳит одамлар маънавияти қашшоқ бўлган ҳолдагина келиб чиқади. Коррупциянинг сабаби маънавий қашшоқлик, оқибат эса инсониятнинг ҳалокати ва унинг ечими сабабни бартараф қилиш билан боғлиқ.
Демак, жамиятни ва, энг аввало, ёшларимизнинг онги ва қалбини ёт ғоя ҳамда мафкуралардан, коррупция иллатидан ҳимоя қилишнинг энг мақбул йўли маънавий ва мафкуравий иммунитетни шакллантиришга қаратилган профилактика ишлари билан боғлиқ.
Фарҳод Набиев,
профессор.