Ҳам тасвирчи, ҳам мухбир, ҳам режиссёр бўлган журналист
Бу гап Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими, вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси ҳамда вилоят телерадиокомпанияси ҳамкорлигида фахрий телерадио журналисти Абдусамад Иброҳимовнинг 60 йиллиги муносабати билан “Умримнинг ярми телевидение билан” деб номланган учрашувда бот-бот такрорланди.
Вилоят телевидениесида ўтказилган ижодий учрашувда сўз олган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Фармон Тошев, вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси бошлиғи Манноб Ибодуллаев, фахрий тележурналист Дилбар Восеева, Дилмурод Исматов ижодкорнинг чорак асрдан кўпроқ вақтини журналистик фаолиятига боғлаганини эътироф этаркан, иш жараёни билан боғлиқ бўлган қизиқарли воқеаларни ҳам эсга олиб ўтди.
– Абдусамад ака билан йигирма йилдан кўпроқ вақтдан буён бирга фаолият олиб боряпман, – дейди вилоят телерадиокомпанияси директори ўринбосари Д.Исматов. – У кишини ҳақиқий замонавий ижодкор, яъни ўз касбининг профессионали дейишга тўлақонли ҳақимиз бор. Негаки, ўзи телеоператорликни ҳам, мухбирликни ҳам, ҳатто режиссёрликни ҳам бир вақтда олиб боради. Спорт тадбири деймизми, ҳарбий соҳага оид тадбирми ва бошқалари бўлсин, ўзи тавсирга олиб интервью ҳам ташкил этади. Бунақа ҳолат телевидениеда камдан кам бўлади. Бу каби хислатлари, албатта, бугунги улғайиб келаётган шогирдларга катта ибрат мактаби бўлмоқда.
Учрашувда иштирок этган устозлар, ҳамкасблари, яқинлари, дўстлари Абдусамад Иброҳимовнинг ўша давр билан боғлиқ ишдаги, айниқса, ўзи билан боғлиқ қизиқарли воқеаларини, билганларини бошқаларга ҳам улашишдек қобилиятга эга эканлигини, камтарлигини таъкидлади.
Ижодкорга матбуотга қўшган ҳиссаси учун уюшма вилоят бўлимининг ҳамда телевидениенинг ташаккурномаси ва совғалари топширилди.
Ҳусан Элтоев.