Ҳар бир фермер 10:1 фоиз ерини ёшларга тақдим этади

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашида ёшлар бандлигини таъминлаш ва бўш вақтларини мазмунли ташкил этишга бағишланган видеоконференция бўлиб ўтди.
Юртимизда деҳқончилик, чорвачилик каби соҳалар билан шуғулланиш азалдан юксак қадрланган. Шу нуқтаи назардан, бугунги кунда аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш, хусусан, ёшларнинг бизнес ғояларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Статистик маълумотларга кўра, бугун дунё аҳолисининг 16 фоизини ёшлар ташкил қилмоқда. Юртимизда эса бу кўрсаткич эътироф этса арзигулик – аҳолининг 60 фоиздан ошиқ қатлами келажагимиз давомчилари ҳиссасига тўғри келади. Шу маънода ҳам, Ўзбекистонни ёшлар мамлакати, десак муболаға бўлмайди.

Ёшларни иш билан таъминлашда уларнинг иқтисодий мустақилликка эришишлари ва ҳаётда ўз ўринларини топиб кетишларида кичик бизнес ва тадбиркорлик соҳасининг ривожланиши энг асосий омил ва манба бўлиб хизмат қилади.

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашида ва унинг ҳузуридаги Жамғарма маблағларини сарфлашда ҳам бу жиҳат эътиборга олинган. Мисол учун, 2021 йилда жамғарма маблағларидан 75 миллиард сўм ажратилади. Бунинг эвазига темир дафтарга киритилган 8 мингдан ортиқ хонадонга иссиқхона қуриш, парранда, қуён ва асалари етказиб бериш, тўқсонбости экинлари, саримсоқпиёз ва сабзавот экинлари экиш режалаштирилган. Бунда эса хотин-қизлар ва ёшларни бандлигини таъминлаш муҳим аҳамият касб этади.

Видеоконференцияда Жамғарма томонидан 2020 йилда Хитой тажрибаси асосида 60 та қишлоқ хўжалиги кооперативига 33,3 миллиард сўм кредит ажратилганлиги, натижада 10,3 минг гектарда боғ, токзор, сабзавот, дуккакли, полиз ва бошқа экинлар экилиб, қарийб 20 мингта иш ўрни яратилганлиги таъкидланиб, бу тажриба 2021 йилда ҳам жадал суръатларда давом эттирилиши маълум қилинди.

Энг муҳими, эндиликда фермер хўжаликлари ҳам ёшларнинг бандлигини таъминлашда фаол иштирок этиш учун ҳар бир фермер ер майдонидан 10 фоизини ёшларга беради.

Айни вақтда бир қатор вилоятларда бу тажриба синов тариқасида йўлга қўйилади.

Манба: