Ҳар бир китоб учун 3 кун: юзлаб китоб ўқиб, муддатдан аввал озодликка чиқиш мумкинми?

Жазони ўташ муассасасида ўтган ҳар бир кун маҳкум учун оғир синов. Аммо, энди бу кунлар маънавий ўзгариш, билим ва умид билан қисқариши мумкин. Қонунчиликдаги янгилик маҳкумларга китоб мутолааси орқали жазо муддатини камайтириш имконини берди.

Жорий йил 15 январда Президентимиз томонидан имзоланган қонунга биноан, Жиноят кодексининг 73-моддасига ўзгартиришлар киритилди. Ҳужжатга мувофиқ, маҳкумлар маънавий-ахлоқий қадриятларни шакллантиришга қаратилган, белгиланган тартибда тасдиқланган адабиётлар рўйхатидан китоблар ўқиши шарт.

Тартиб қандай йўлга қўйилди?
Яқинда қонун ижросини ташкил қилиш тартиби тасдиқланди. Аниқроғи, жорий йил 12 июнь куни қабул қилинган “Жазони ижро этиш муассасаларида маҳкумларнинг жазони ўташ даврида тўғри маънавий-ахлоқий қадриятларни шакллантиришга қаратилган адабиётларни ўқиганлиги фактини тасдиқлаш бўйича комиссия фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарор қабул қилинди.
Янги қоидаларга кўра, талабгорнинг жазо муддати ҳар бир ўқиган китоби учун уч кунга қисқартирилади. Бироқ бу имтиёзнинг чегараси ҳам белгиланган. Маҳкум бир йил давомида кўпи билан 30 кунлик қисқартириш ҳуқуқидан фойдаланиши мумкин. Бунинг учун у ўқиган китоблари бўйича тест синовларини топшириши талаб этилади.
Имтиҳон бир йилда икки марта ўтказилади. Ҳар бир адабиёт бўйича 25 та тест саволи шакллантирилади ва ҳар бир савол учун икки дақиқадан вақт ажратилади.

Қандай баҳоланади?
Махсус дастур орқали ташкил этиладиган тестлар 100 баллик тизим асосида баҳоланади. Ҳар бир тўғри жавоб учун 4 балл берилади.
Агар талабгор муайян адабиёт бўйича 70 ёки ундан юқори балл тўпласа, тестни муваффақиятли топширган деб ҳисобланади.
Маҳкумнинг тест синови топширишини назорат қилиб бориш ва натижаларини хулоса асосида тасдиқлаш учун муассасаларда муассаса ходимлари ҳамда жамоатчилик вакилларидан иборат комиссия ташкил этилади.

Комиссия таркиби 7 нафар аъзо, комиссия раиси ва котибдан иборат бўлади.
Комиссия таркибига муассаса ходимлари, ҳудудий фаол жамоатчилик вакиллари, жумладан, Халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари депутатлари, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда жамоат ташкилотларининг ҳаётий тажрибага ва аҳоли ўртасида обрў-эътиборга эга бўлган вакиллари киради.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, мазкур янгилик жазонинг тарбиявий аҳамиятини янада кучайтиради. Китоб мутолааси инсоннинг дунёқарашини кенгайтиради, хатоларини англашга ва жамиятга қайта мослашишга хизмат қилади. Бу эса ўз навбатида, такрорий жиноятларнинг олдини олишга ёрдам беради.

Ёқубжон МАРҚАЕВ.