“Ҳар кимки вафо қилса, вафо топқусидур”
![](https://static.zarnews.uz/crop/9/e/720__80_9e7dd222961205be14928c57fde468dd.jpg?img=self&v=1739451015)
Самарқанд шаҳрида “Муншоот” нашриёти қошидаги “Китоб кафе” мажмуаси ташаббуси билан Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 542 йиллигига бағишланган назм ва наво кечаси бўлиб ўтди.
Тадбирда филология фанлари доктори, профессор Жўлибой Элтазаров, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, шоир ва ёзувчи Фармон Тошев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоира Хосият Бобомуродова, таниқли ижодкор Каримберди Тўрамуродов ва бошқалар сўзга чиқиб, шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаёти ва ижоди 5 асрдан зиёд вақт ўтибдики, ҳамон ўрганиб келиниши, бу ўрганишларнинг бугунги кундаги аҳамияти, ёшлар тарбиясидаги ўрни ҳақида фикр юритдилар.
- Бугун ёшлар тарбиясида Бобур асарларининг ўрни муҳимлигини кўп айтамиз, - дейди филология фанлари доктори Исроил Сулаймонов. - Аммо бу асарларга уларни қизиқтириш осон эмас. Бобур асарларининг тарғиботини амалга оширишимиз керак. Унинг кичик шеърларидан тортиб, “Бобурнома” асаригача ижтимоий тармоқлар орқали тарғиб қилиниши лозим.
Тадбирда Бобур ғазаллари ва уларга боғланган мухаммаслар ўқилди. “Самарқанд садолари” мақом ансамбли, вилоятимиздаги таниқли санъаткорлар ва ёш хонандалар томонидан Бобур ғазаллари билан ижро этилган ашулалар тадбирга ўзгача файз бағишлади.