Ҳар йили дунё иқтисодиёти коррупциядан 2,6 трлн. доллар миқдорида зарар кўрмоқда

 Коррупция, бу – мансаб мавқеидан шахсий мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ бўлган жиноят тури ҳисобланиб, у жамиятни турли йўллар билан исканжага оладиган даҳшатли иллатдир.

Мазкур иллат мамлакатдаги демократия ва ҳуқуқ устуворлиги асосларига путур етказиб, инсон ҳуқуқлари бузилишига олиб келади. Шу билан бирга, жамиятдаги ижтимоий-маънавий муҳитга салбий таъсир кўрсатиб, инсоният хавфсизлигига таҳдид солиш орқали мамлакатдаги барқарорликка путур етказади.

Коррупция кеча ёки бугун пайдо бўлган эмас, унинг тарихи узоқ йилларга бориб тақалади. Тарихий манбаларда “коррупция” дастлаб Қадимги Хитойда пайдо бўлганлиги қайд этиб ўтилади. Дунёда коррупцияга қарши курашган биринчи давлат сифатида қадимги Шумер давлати тан олинади. Қадимги юнон тарихчиси Геродотнинг ёзишича, эрамиздан аввалги VI асрда ҳукмдорлик қилган Эрон шоҳи Камбиз салтанат қозиси Сизамни пора олгани учун терисини шилиб олишни ва у ўтирган қозилик курсисини ўша тери билан қоплашни буюрган. Бу эса қозилик лавозими ниҳоятда масъулиятли эканлиги, порахўрликнинг оқибати қандай якун топишини ҳамиша ёдда тутиши учун Сизамнинг ўғли Отанни қозилик лавозимига тайинланган.

Коррупциянинг энг кенг тарқалган турларига порахўрлик, фирибгарлик ва товламачилик киради. Бундай жиноятларнинг содир этилиши иқтисодиётни таназзулга етаклаб, уни заифлаштириб, бошқарувни издан чиқаради. Фуқароларни давлат бошқарувига нисбатан ишончини поймол қилиб, илм-фан, меҳнат орқали ҳалол йўл билан мақсадга эришишга тўсқинлик қилади. Бугунги кунда бу иллатга қарши ер юзидаги барча давлатлар ўз ҳудудидаги ҳолат ва шароитдан келиб чиқиб турли усулларда кураш олиб борадилар.

2003 йил 9 декабрда Мексиканинг Мерида шаҳрида дунё миқёсида юқори даражадаги сиёсий конференция ўтказилган эди. Мазкур конференцияда дунёнинг 100 дан ортиқ давлат вакиллари томонидан БМТнинг “Коррупцияга қарши конвенцияси” имзоланди.                                       Ҳозирги кунда мазкур сана БМТ Бош Ассамблеяси томонидан “Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни” сифатида эълон қилинган.    Ушбу конвенцияга дунёнинг 173 та давлати аъзо бўлиб, Ўзбекистон Республикаси ушбу конвенцияга 2008 йил 7 июлда кўшилган. Бугунги кунда коррупцияни ҳеч иккиланмай “тараққиёт кушандаси” деб аташ мумкин. БМТ олдида турган энг глобал муаммолардан бири саналган коррупцияга қарши курашнинг ҳуқуқий меъёрлари ишлаб чиқилган. Коррупцияга қарши кураш механизмини такомиллаштириш, унинг ҳуқуқий асосларини яратиш дунё миқёсида халқаро ташкилотларнинг диққат марказида бўлиб турибди. Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, бугунги кунда дунёда коррупция ва пораxўрлик натижасида йилига 1 триллион доллардан ортиқ маблағ ўзлаштирилиши аниқланган. Ушбу зарар ҳисобланганда, ўзга мулк, пулни ўзлаштириш ва бунга тегишли бошқа жиноий ҳаракатлар инобатга олинмагани коррупция муаммолари билан шуғулланувчи «Transparency International» ташкилотининг маълумотларида қайд этилган. Мазкур йўналишдаги ислоҳотларни амалга ошириш давомида миллий қонунларга халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормаларини сингдириш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Бу эса 2008 йилда қабул қилинган “БМТнинг коррупцияга қарши конвенциясига Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши тўғрисида”ги Қонунда ўз аксини топган. 2008 йил 7 июнда “Коррупцияга қарши конвенцияга қўшилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинган. 2010 йилда Ўзбекистон Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти Коррупцияга қарши курашиш тармоғининг Истамбул ҳаракат дастурига қўшилди.

Дунёдаги энг ривожланган мамлакатларда ҳам коррупциявий жиноятлар содир этилиши кузатилган. Хитойда коррупция жиноятлари пора ва давлат мулкини ўзлаштирганлик учун дунёдаги энг оғир жазо тайинланадиган мамлакат сифатида бу турдаги жиноятлар учун ўлим жазоси белгиланган бўлиб, пора олган амалдорнинг қўли чопиб ташланиши ҳам мумкин. Японияда эса мазкур иллат билан шуғулланган мансабдор шахслар ва сиёсий раҳбарлар жамоатчилик томонидан қаттиқ танқид остига олинади. Японияда коррупцияга қарши курашиш билан бирга, нотўғри (туҳматдан) хабар бериш ҳам, пора олувчиларга нисбатан белгиланган жазога – уч йил муддатга каторга жазоси ёки жарима жазосига тортилиши мумкин.                                АҚШ жиноят қонунига биноан, оммавий ташкилотларнинг хизматчилари – мансабдор шахслар ҳам, бошқа ходимлар ҳам пора олганлик учун жавобгарликка тортилиши мумкин. Мамлакатда порахўрларга қаттиқ жазо тайинланади. Хусусан, айбдор олган порасининг уч баравари миқдорида жаримага тортилиши ёки 15 йилгача бўлган муддатга озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Мазкур ҳолатни Буюк Британия мисолида кўрадиган бўлсак, қиролликда жиноят қонунларида коррупция жиноятини содир этганликда айбдор деб топилган шахс 3 йилдан 7 йилгача қамоқ жазосига ҳукм этилиб, “хизмат эвазига” олинган пул миқдори, олган совғаси, пули миқдорида жаримага тортилиши кўрсатиб ўтилган. Германиянияда эса порахўр амалдор уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум этилиши, тамагирлик қилган судьялар эса 10 йил қамоқда ўтириши мумкин.

Ўрганишларга кўра, МДҲ мамлакатларида ҳам коррупция даражаси жуда юқорилиги қайд этилади. Бугунги кунда Россия мамлакатини халқаро ҳамжамият дунёдаги коррупция “энг тараққий этган” 50 та давлатдан бири сифатида эътироф этган. Бу мамлакатда коррупцион ҳолат бўйича шуғулланган шахслар олган порасининг 80 дан 100 бараваригача жаримага ёки 8-15 йилга озодликдан маҳрум этилиши мумкин. Таиландда эса 2015 йилда қабул қилинган “Коррупция ҳақида”ги қонунга кўра, катта миқдорда пора олгани исботланган айбдор хоҳ мамлакат фуқароси бўлсин, хоҳ хориж фуқароси, ўлим жазосига ҳукм этилиши белгиланган.

Мазкур ҳолатни Сингапур давлати мисолида кўрадиган бўлсак, мустақилликка эришган даврга қадар Сингапур замонавий коррупциялашган мамлакат сифатида фаолият кўрсатган эди. 1965 йилнинг 9 августида мустақилликни қўлга киритгач, табиий бойликлардан маҳрум Сингапур 1959 йилдан 1990 йилгача кўплаб ички муаммоларини ечишга, учинчи дунё мамлакатидан, аҳолиси фаровон, саноати юксак ривожланган давлатлар сафига қўшилишга муваффақ бўлди.                                                                Ҳозирги пайтда кучли авторитар бошқарувли давлат Сингапур коррупция кўлами камлиги, иқтисодий эркинлик ва тараққиёт даражаси бўйича жаҳон рейтинггида етакчи ўринда бормоқда. Атиги 4 миллион аҳоли истиқомат қилаётган Сингапур тажрибаси сиёсий ирода, самарали антикоррупцион қонунчилик ва пулга сотилмас мустақил агентлик эвазига атиги бир неча йилда коррупцияни жуда паст даражага тушириш мумкинлигини намойиш этди.

БМТнинг маълумотларига кўра, ҳар йили дунё иқтисодиёти коррупциядан 2,6 трлн. доллар миқдорида зарар кўраётганлиги, бу эса жаҳон ялпи маҳсулотининг тахминан 5 фоизини ташкил этиши аниқланган. Айниқса, мазкур ҳолат, таҳлилий ўрганилганда дунё миқёсида поранинг ҳажми 1 трлн. долларни ташкил этаётгани, бу кўрсаткич эса эҳтиёжманд халқларга берилаётган гуманитар ёрдамдан 10 баравар ортиқ эканлиги, афсуски, ташвишлидир.

Хорижий мамлакатлар тажрибасининг кўрсатишича, коррупцияга қарши курашни фақатгина давлат ҳокимияти органлари, жумладан, фақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар зиммасига юклаб қўйиш коррупция кўламининг қисқаришига эмас, аксинча, кенгайишига олиб келган. Чунки ушбу идораларнинг коррупцияни бартараф этиш билан боғлиқ фаолиятида муайян муддатда ижобий натижаларнинг сезилмаслиги аҳоли орасида ҳуқуқий нигилизмни келтириб чиқариш эҳтимоли юқори. Чунки бундай ҳолат жамоатчиликни давлат органлари коррупцияга қарши курашиб, уни енголмаётган экан, демак, буни бартараф қилиб бўлмайди, деган хулосага олиб келади. Коррупцияга қарши кураш бефойда, деган кайфиятнинг ҳукм суриши эса аҳолининг муайян қисмида коррупцияга қарши курашиш эмас, унга мослашиш керак, деган хулосани келтириб чиқариши мумкин.                Таъкидлаш лозимки, бугунги кунда мамлакатимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг раҳбарлигида коррупцияга қарши самарали курашни ташкил этиш, давлат хизматчиларида ҳалоллик вакцинасини ошириш, бу иллатга қарши жамиятимиздаги барча соҳаларда чек қўйиш борасида аниқ мақсадга йўналтирилган кенг кўламли ва тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.                                                                                  Мамлакатимизда мазкур соҳани тизимли ислоҳ қилиш ва самарадор усулларни жорий этиш орқали давлат хизмати тизими, унинг мақсадлари ва вазифалари тубдан такомиллаштирилди. Давлат  органлари ходимларининг ижтимоий ҳимоя қилиниши, моддий таъминоти ва рағбатлантирилишини кучайтиришга қаратилган чоралар кўрилди. Айниқса, республикамизда коррупция иллатларни олдини олиш мақсадида давлат хизматчиларининг иш ҳақи ўртача қарийб 60 фоизга, айрим соҳаларда эса бир неча баробарга оширилди.

Маъмурий ва бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, рўйхатга олиш, рухсат этиш ва лицензияга доир тартиб-таомилларни соддалаштириш ҳамда уларнинг тезкорлигини ошириш мақсадида ҳудудларда давлат хизматлари марказлари орқали аҳолига хизмат турлари бўйича шаффоф, қулай ва тезкор давлат хизматлари кўрсатилмоқда. Жамиятдаги муаммоларга ечим топишда жамоатчилик назоратига таяниш лозимлигига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Зеро, коррупцияга қарши кураш олиб борувчи субъектлар тизимида жамоатчилик назорати субъектлари муҳим ўрин тутади.

Шу ўринда, жиноят, шу жумладан коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар берган шахсларнинг ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулкини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асосларини яратиш мақсадида 2019 йилда “Жабрланувчиларни, гувоҳларни ва жиноят процессининг бошқа иштирокчиларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинганлигини ҳам таъкидлаш мақсадга мувофиқ.                                                                        

Шу билан бир қаторда мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини таъминлаш, давлат органларининг ҳисобдорлиги ва очиқлигини кучайтириш ҳамда фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситаларининг роли, аҳоли ва жамоат бирлашмаларининг сиёсий фаоллигини ошириш бўйича бир қатор тизимли ишлар амалга оширилди. Миллий иқтисодиётни ислоҳ қилиш борасида ташқи савдо, солиқ ва молия сиёсатини либераллаштириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва хусусий мулк дахлсизлигини кафолатлаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлашни ташкил этиш ҳамда ҳудудларни жадал ривожлантиришни таъминлаш бўйича таъсирчан чоралар кўрилди.

Шунингдек, фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ва камбағалликни қисқартириш давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида белгиланди. Аҳолини янги иш ўринлари ва кафолатли даромад манбаи, малакали тиббий ва таълим хизматлари, муносиб яшаш шароитлари билан таъминлаш сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилганлигини таъкидлаш жоиз.

Хулоса қилиб айтганда, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “Коррупцияга қарши курашиш ҳар бир соф виждонли инсоннинг, демократик жамият ва давлатнинг муқаддас бурчидир”. Зеро, коррупция  иллатларидан доимо огоҳ бўлиш, мазкур ҳаракатларни ўз вақтида англаш ва уларни бартараф этиш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан биридир.

Шокир Ғаффоров,

СамДУ профессори.

Мансур Мусаев,

Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳузуридаги Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти бўлими бошлиғи.