Ҳарбий хизматга чақирилувчилар қандай синовлардан ўтиши керак?

“Ватанимнинг мустақиллигини, унинг сарҳадлари дахлсизлигини ва ҳудудий яхлитлигини, она халқимнинг тинчлиги ва осойишталигини, Ўзбекистон Республикасининг миллий манфаатларини ҳамда демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат тузумини сўнгги нафасимгача ҳимоя қилишга тантанали равишда қасамёд қиламан!”.

Бу ҳарбий хизматни ўташга киришган ҳар бир фуқаро томонидан қабул қилинадиган муқаддас қасамёднинг бир парчаси. Уни тантанали ўқиш, йигитлик бурчини, Ватан, эл олдидаги вазифасини адо этиш юртимиздаги ҳар бир йигитнинг орзу-мақсадидир. Шу боис улар орасидан энг муносибларини танлаб олиш ҳам алоҳида масъулият талаб қилади.

Шу кунларда юртимизда 2025 йилги муддатли ҳарбий хизматга чақирилувчиларни танловдан ўтказиш тадбири қизғин паллага кирган. Жорий йилнинг 10 февралига қадар давом этадиган саралаш тадбирлари аскар бўлиш орзусидаги мард ўғлонлар ҳаётидаги муҳим синов ҳисобланади. Вилоятимизда ҳам жараённи юқори савияда ўтишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

Айтиш жоизки, ўтган вақтда ҳарбий хизматга чақирилув тадбирларида қатор ислоҳотлар амалга оширилди. Мисол учун, илгари чақирилувчилар рўйхатини шакллантириш фақат мудофаа ишлари бўлимларининг зиммасида эди. Жорий чақирув мавсумидан айни масъулиятли вазифа маҳаллалардаги ёшлар етакчиларига ўтказилди. Янги тартибга кўра, ёшлар етакчилари ўз ҳудудидаги ёшлар контингентига қараб, 5 нафаргача чақирув ёшидаги йигитларни муддатли ҳарбий хизматга жалб қилиши белгиланган.

Барча чақирилувчилар умумжисмоний тайёргарлигини аниқлаш синовлари ҳамда якка тартибдаги суҳбатдан ўтади. Албатта, белгиланган нормативлар мураккаб эмас - турникда тортилиш, 100 метр ва 3 минг метр масофага югуриш. Якка тартибдаги суҳбатда чақирилувчиларнинг маҳалла ва жамият ҳаётидаги иштироки, маданияти, қизиқишлари, Ўзбекистон тарихи, буюк саркардаларимиз ва аждодларимиз ҳаёти ва фаолиятига оид билимлари баҳоланади. Якунда синов натижалари умумлаштирилиб, чақирилувчига тавсия берилиши ёки рад этилиши мумкин.

Айримлар муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчиларга олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун тавсияномалар бериш тартиби бекор қилинди, деган нотўғри фикрда. Бу амалиёт бекор бўлгани йўқ. Фақат энди у барча ҳарбий хизматчиларга берилмайди. Муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчиларга Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун тавсияномалар бериш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ, уни хизмат давомида жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлик бўйича юксак натижаларга эришган, зарур билим савиясига эга, намунали ҳарбий интизомини намоён этган харбий хизматчилар олади. 

Тавсияномага эга бўлган фуқаролар республикамиздаги олий ҳарбий таълим муассасаларидаги тегиши таълим йўналишларига ўқишга киришда тест синовлари натижаларига кўра ўзлари тўплаган балнинг 50 фоизи миқдорида қўшимча балл шаклидаги имтиёзга эга бўлади. Республиканинг бошқа олий таълим муассасалари  бакалавриатига ўқишга кириш учун эса улар олий таълим муассасаларига қабул параметрларидан ташқари ажратиладиган алоҳида қабул кўрсаткичлари доирасидаги танловда иштирок этади. 

Бурхон Қувватов,

вилоят мудофаа ишлари бошқармаси бошлиғи, полковник.