Ҳарбийлар байрамни янги уйда нишонлайди

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил топганлигининг 31 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Самарқанд шаҳрининг Қорасув массивида бунёд этилган кўп қаватли уйлардан 90 та хонадон Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчиларига тантанали равишда топширилди.

Шу муносабат билан ўтказилган маросимда Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов, Марказий ҳарбий округ қўмондонлиги, сектор раҳбарлари иштирок этди.

Вилоят ҳокими хонадон соҳибларини табриклаб, мамлакатимиз мудофаасини мустаҳкамлаш, миллий армиямизнинг салоҳиятини ҳар томонлама ошириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида сўз юритди. Айни жараёнда энг аввало, Ватан ҳимоячиларининг оилавий шароитини яхшилаш, фаровон ҳаёт кечиришини таъминлаш уларнинг вазифасига масъулият билан ёндашишининг асосий мезонларидан бири эканлигини қайд этди.

Самарқанд гарнизионидаги 13060-ҳарбий қисм бўлинма бошлиғи ўринбосари, катта лейтенант Муҳаммаджон Қамбаров ҳам ҳарбийлар учун бунёд этилган хонадонлардан бирининг соҳиби бўлди. Шу боис унинг хонадонида бугун яқинлари жам бўлишган.

– Набирамнинг қувончига шерик бўлиш насиб этганига беадад шукр, – дейди Муҳаммаджонинг 79 ёшли бобоси Қамбар Ғуломалиев. – Икки ўғлим ҳарбийликни касб қилиб, она-Ватанимиз ҳимоячиси бўлди. Бугун набираларим ҳам ушбу шарафли вазифани бажараётганидан фахрланаман. Вилоят ҳокими ва бошқа раҳбарларнинг ташрифидан бошимиз кўкка етди. Мен ишонаман, набирам ҳам отаси, амакилари йўлидан бориб, Ватан ҳимоячиси деган масъулиятли вазифани шараф билан бажариб, давлатимиз раҳбари, халқимиз ишончини оқлайди.

- Ўн тўққиз йилдан бери ҳарбий хизматдаман, - дейди Ўзбекистон Қуролли Кучлари Кичик мутахассислар тайёрлаш маркази 1-взвод командирининг тарбиявий-мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари, капитан Суҳроб Темиров. – Уч нафар фарзандим бор. Ўтган давр мобайнида юртимизнинг тўрт ҳудудида хизмат қилишга тўғри келди. Оилам ҳам мен билан бирга ҳали у жойда, ҳали бу жойда. Тўғриси, бундан фарзандларим ҳам қийналиб кетганди. Бугун биз ҳам доимий яшаш жойимизга, ўз ватанимизга эга бўлдик. Энди оиламдан кўнглим тўқ, бор эътиборимни хизмат вазифамга қаратаман ва менга билдирилган ишончга муносиб бўлишга ҳаракат қиламан.

Ушбу янги хонадонлар ҳарбийларга имтиёзли ипотека кредити асосида берилган бўлиб, бошланғич тўлов суммаси Мудофаа вазирлиги томонидан тўланган. Муддати 20 йилгача бўлган кредитнинг дастлабки уч йилида ҳарбийлар 7 фоиздан, кейин қайта молиялаш ставкаси бўйича тўловларни амалга оширади.

Алишер Исроилов.