Ҳашарчилар Зарафшон дарёси бўйида

“Юртимизни янада обод қилайлик!” шиори остидаги экологик умумхалқ хайрия ҳашарида вилоят экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ходимлари ҳам фаол иштирок этди.

– Бошқармамиз ҳамда “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхонасининг 130 дан ортиқ ходимлари бугун Зарафшон дарёси қирғоқларидаги ҳудудларни ободонлаштириш, чиқиндилардан тозалаш ишларида қатнашди, – дейди Самарқанд вилояти экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи Ғ.Негматов. – Бу ишларга ўндан ортиқ техника жалб этилди. Шунингдек, ушбу ҳудудлардаги аҳоли ҳам ҳашарга чиқиб, хайрли ишга ҳисса қўшиш билан бирга дарё ва унинг минтақасини тоза-озода сақлаш кўникмасига ҳам эга бўлди. Ҳашарда барча туман, шаҳарлардаги бўлимларимиз ва улар тасарруфидаги корхоналар ишчи-ходимлари ҳам фаол иштирок этди.

Ўзбекистон экологик ҳаракати Самарқанд ҳудудий бўлинмасининг “Ёшлар қаноти” вакиллари Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят ва шаҳар кенгаши билан ҳамкорликда Самарқанд шаҳридаги экологик боғда ҳашар ўтказди. Ушбу маскандаги дарахтларга шакл берилиб, ҳудуд тозаланди.