Ҳаётни пухта билган мақолани пухта ёзади

Соҳанинг икки забардаст шахси учрашганда ва атрофда қалам тебратиб юрган инсонлар суҳбатни интиқлик билан кузатиб турган бир пайтда учрашувнинг асл моҳияти ўз қимматини йўқотар экан. Икки хизмат кўрсатган журналист ўз фаолиятини очиқ ва аччиқ таҳлил эта бошлаганда, ортиқча гап-сўз қўшишнинг ҳам имкони бўлмас экан.

- Журналист ёзган мақоласига фақат ақл эмас, юрак билан ёндашиши керак, акс ҳолда ҳаммаси бекор, мен қаерга бормайин, соҳани ақл билан таҳлил қилдим, мақолани эса юрак қўрим билан ёздим. Мақолани бўлиб ёзиш энг нотўғри иш, деб ўйлайман. Ҳар қандай мақола бир ўтиришда ёзилиши керак.

Шундай, бунинг учун эса журналист профессионал бўлиши лозим. Профессионал журналист борган ҳудудидаги ютуқ ва камчиликларни бир қарагандан билади. Лекин бугун борган жойига бир қараб, фақат юзадаги кўпикни кўриб келаётган журналистлар ҳам кўп-да. Гўшт комбинати билан боғлик шикоят ишига қандай ёндашганингиз эсингиздами?

- Адашмасам, бир кунда бир тоннага яқин ўғирлик фош бўлганди ўшанда. Гўшт комбинатларидан биридан шикоят хати тушди, бордим. Ҳисоботларни қараб чиқарканман, қўшиб ёзиш мавжудлигини тушундим. Директорга бу ҳақда ҳеч нарса демадим, хайрлашиб, кетдим. Кечга томон ички ишлар ходимидан бирини олиб, комбинат эшиги ёнида турдик. Ташкилотдан чиқаётган ҳар бир машинани тўхтатдик. Ҳар бирида уч-тўрт кило гўшт бор эди. Охирида автобус чиқди, унинг ўриндиқларида одамлардан кўра, халталарда гўшт килоси сони кўпроқ эди. Шу тариқа бу корхонадан бир кунда бир тоннадан ортиқ гўшт ўғирланаётганини аниқладик. Кейинги жараён билан ички ишлар мутасаддилари шуғулланишди.

- Сиз раҳбарлик қилган даврда ҳам, ундан олдин ҳам журналистларга тазйиқ доимо бўлди. Лекин бу жараёнларга, бир нечта журналистларни судга беришганида ҳам ўзингиз туриб берганингизни ўша пайтлар кўпчилик тушунмаганди, аммо вақт ўтиб, бу довюраклик салмоғини англашди, деб ўйлайман.

- Бу даргоҳда журналистларнинг асосий суҳбат мавзуи ўша пайтдаги жараён, ёзилаётган мақолалар ва уларнинг тақдири билан боғлиқ бўларди. Битта танқидий мақола учун кези келганда барчамизни «суриштириб» қолишарди. Яқин қариндошларимиз, уларнинг ишига соя солиш билан таҳдидларни айтмайсизми. Жамоадаги бирдамлик, ҳалоллик ўз сўзини айтарди шундай кезларда.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналистлар – Сулаймон Ҳусаинов ҳамда Фармон Тошевларнинг газета фаолияти билан боғлиқ бу диалоги самимий учрашувдаги суҳбатлардан бир парчагина, холос.

Суҳбатни тингларкансиз, журналистика бугун тамоман ўзгарди, масалага ёндашувдан тортиб, уни аудиторияга узатишда ҳам илгаригидан фарқли жиҳатлар жуда кўп эканлигини англайсиз. Бугун бу ҳақиқатни тан олмай иложимиз йўқ. Аммо журналистиканинг туб моҳияти: одамларга ахборотни етказишда холислик ва адолатлилик принципи унинг ҳеч ўзгармас қонуниятларидан биридир. Сулаймон Ҳусаинов айнан мана шу принципга содиқ қолди. Эҳ-ҳе, фаолияти давомида унга қанча босимлар бўлди, тазйиқлар уюштирилди. У ҳаммасини ҳалоллиги билан енгди, билим ва тафаккури ғолиб чиқди мудом. Ростдан ҳам, қаерга бормасин, ҳисоботлардаги камчиликларни бир қарашда фаҳмлар, соҳа ходимларининг ҳалол ё поклигини бир қарашда тушуниб оларди. «Зарафшон» газетасида ишлаган йилларида қишлоқ хўжалиги ва иқтисод соҳасини ёритгани учун шу тизимни яхшироқ ўзлаштириш учун алоҳида дарс олди, ҳатто ширкат хўжалигида ишлади, қишлоқ хўжалигини ич-ичига кириб ўрганди. Бу ўрганганлари ёзганларида манаман, деб кўзга ташланди.

Учрашув асосий моҳиятини йўқотди, деганимда, Ўзбекистон Журналистлари уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Акрам Ҳайдаров ва уюшма аъзоларидан иборат ихчамгина давра аслида Сулаймон Ҳусаиновнинг 75 ёшлиги сабаб тўпланишганди. Даврадаги суҳбат чўғи эса учрашув қаҳрамонига мақтовлар ёғилиш билан эмас, соҳанинг ўтмиши, бугуни ҳақидаги суҳбатлар билан қўр олди, атрофдагиларга куч берди. Бугун бир-иккита шов-шувли мақоласи билан танилиб, эрта унутилаётган вазиятлар кўп учраётган бугунги жамиятда ўтган асрнинг 70-90-йилларида ижод этган журналистнинг суҳбатини жон қулоғи билан тинглаш, у кишидан ибрат олишга интилиш – аслида 75 ёшли журналистнинг бахти шунда эмасми? Камтар, ҳалол бу инсон бугун ҳам Жомбой туманининг Ғазира қишлоғида истиқомат қилади. Эҳтимол, атрофдагилари ҳалигача бу қишлоқда соҳанинг ноёб гавҳари яшаётганидан бехабар бўлишса керак.

Гулруҳ Мўминова.