Ҳиндистондан 24–36 соат ичида ҳужум кутилмоқда. Хитой АҚШ товарлари учун божларни яширинча бекор қилмоқда. Анқара Бокуга ташриф буюрадиган Нетаньяху учун ҳаво йўлагини очди

🔹 Ҳиндистон келаси 24–36 соат ичида Покистон ҳудудига зарба беришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда 22 апрель куни Паҳалгам шаҳрида содир бўлган террорчилик ҳаракати ортидан (25 нафар ҳинд фуқароси ва 1 нафар непаллик ҳалок бўлган) икки давлат ўртасида кескинлашув кучайгани муносабати билан Покистон ахборот вазири маълум қилди. Покистон қатъий жавоб беришга тайёр, деди у. Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди Покистон билан можаро авж олгани сабабли 9 май куни Москвага ташрифини бекор қилган.
🔹 Хитой 125 фоизлик тарифлардан озод қилинадиган АҚШда ишлаб чиқарилган товарлар рўйхатини тайёрлади ва бу ҳақда компанияларни “жимгина” хабардор қилмоқда. АҚШда Хитойдан келадиган импорт учун 145 фоизгача бож жорий қилган Дональд Трамп ҳам савдо келишуви ҳақида қайта гапира бошлаган. Бу АҚШда инфляция ва товар танқислиги хавфи ортиб бораётгани билан боғлиқ. Ҳозир АҚШнинг Хитойдан келадиган товарларга умумий божлари 145 фоизни, Хитойнинг жавоб тарифлари ҳажми 125 фоизни ташкил этади
🔹 Эрон ва Америка томонлари ўртасидаги навбатдаги билвосита музокаралар Италиянинг Рим шаҳрида бўлиб ўтади. Эрон ва АҚШ апрелда музокараларнинг уч босқичини ўтказган. Оман музокараларда воситачилик қилган.
🔹 Туркия Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху 7 май куни Озарбайжонга ташриф буюрадиган самолётга ўз ҳаво ҳудудидан учиб ўтиш учун рухсат берди. Исроил ҳукумати раҳбарининг самолёти шу куннинг ўзида кечқурун Бокуга етиб келиши кутилмоқда.
🔹 Эрон Мажлиси Миллий хавфсизлик қўмитаси Шаҳид-Ражаъий портидаги портлаш чет эл аралашуви ёки саботаж натижаси деган тахминларни рад этди. 26 апрелдаги портлаш ва ёнғин оқибатида камида 70 киши ҳалок бўлган, 1200 дан ортиқ киши жароҳатланган.
🔹 Истанбул шаҳар ҳокими Экрем Имамоғлу атрофидаги коррупция иши бўйича олиб борилаётган тергов янгидан-янги ҳибсларга олиб келмоқда. Имамоғлу 23 март куни ҳибсга олинган эди. Истанбул шаҳар ҳокимининг ҳибсга олиниши бутун мамлакат бўйлаб оммавий норозилик намойишларига сабаб бўлди.
🔹 Жорий йилнинг январь ойида Дональд Трамп президентлик лавозимини эгаллаганидан бери АҚШда федерал ҳукумат тизимида камида 121 минг киши ишдан бўшатилган.
🔹 Бугун Жанубий Корея прокуратураси мамлакатнинг собиқ президенти Юн Сук Ёлнинг резиденциясида тинтув ўтказган. Бу ҳаракат унинг оила аъзолари шубҳали руҳоний Чон Сон-бе, кенг жамоатчиликка Геон Чжин номи билан таниш бўлган шахс билан эҳтимолий алоқаларига оид тергов доирасида амалга оширилган. Эслатиб ўтамиз, Юн атрофидаги сиёсий инқироз 2024 йил декабрида у кутилмаганда ҳарбий ҳолат эълон қилиб, мухолифатдаги «Тобуро» демократик партиясини КХДР билан ҳамкорликда айблаганидан сўнг бошланган. Айни пайтда президент вазифасини Бош вазир Хан Док Су бажармоқда, навбатдан ташқари президентлик сайловлари 2025 йил 3 июнга белгиланган.
🔹 АҚШ энди Европада хавфсизликни молиялаштира олмайди. Бу ҳақда АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича ёрдамчиси Майк Уолтц маълум қилди. 2025 йил март ҳолатига кўра, АҚШнинг давлат қарзи 36 триллион доллардан ошган.
Г.Холдорова тайёрлади.