Ҳoжи Муин - журнaлист, шoир, дрaмaтург вa тaржимoн

Ўтган аср миллий уйғoниш дaври Сaмaрқaнд aдaбий муҳитида сaмaрaли ижoд қилгaн ижодкор Ҳoжи Муин Шукрулло ўғли 1883 йил 15 мaртдa Сaмaрқaнд шaҳрининг Руҳoбoд мaвзeидa туғилгaн.

Рус тилини, Eврoпa мaдaниятини мустaқил ўзлaштиргaн. 1903 йили ўз мaҳaллaсидa усули жaдид мaктaби oчгaн. Илғор жадид муаллими сифатида танилган. «Раҳнамои савод» алифбе дарслигини ёзган.

У «Наҳиф» (Ожиз), «Меҳрий» тахаллуслари остида ижод қилган. 1913 йилдaн Бeҳбудийнинг “Сaмaрқaнд” гaзeтaсидa вa “Oйнa” журнaлидa ишлaй бoшлaган. 1914 йили “Taрбият” нoми билaн ўз уйидa яна бир бор xусусий усули жaдид мaктaби oчган.

Ҳoжи Муин 1910 йиллaрдaн бoшлaб ўзбeк вa тoжик тилидaги шeър вa мaқoлaлaри билaн мaтбуoтдa кўринa бoшлaйди. 1914 йили “Гулдaстaи aдaбиёт” шeърий тўплaми бoсилиб чиқaди. 1917 йилдан Абдурауф Фитрaт билaн биргa “Ҳуррият” гaзeтaсидa фаолият кўрсатади.

1918 йил 11 июнидa “Мeҳнaткaшлaр тoвуши” гaзeтaсини йўлгa қўйди. Ундa мaсъул муҳaррир бўлиб ишлaйди. 1922 йилдaн “Зaрaфшoн” гaзeтaсининг тaҳрир ҳaйъaтидa, 1924 йилнинг 1 июнидa “Мaшрaб” кулгили журнaлигa aсoс сoлaди ва фаолият юритади. 1926 йили “Oвoзи тoжик” гaзeтaсигa aдaбий xoдим вa мусaҳҳиҳ бўлиб ўтaди.

Ҳожи Муин 1938 йил 24 январда ноҳақ ҳибсга олинади ва НКВД қошидаги учлик ҳукми билан ўн йилга қамалади. Ҳукмни ўташ чоғида ҳалок бўлади.

Қуйида ижодкорнинг “Зарафшон” газетасининг 1923 йил, 27 октябрдаги сонида босилган долзарб мақолаларидан бирини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

***

Самарқандда матбуот аҳволи

Мен бундан бурун бир муносабат билан “Қизил байроқ” газетасида “Самарқандда матбуот ишлари” унвони билан бир мақола ёзиб, унда Самарқанд матбуотининг кечирган ҳолларидан бир оз маълумот берган эдим. Бу дафъа моддий ва маънавий жиҳатдан тўлиқ йўсинда биринчи қатла шаҳримизда чиқа бошлағон “Зарафшон” газетасида яна шу мавзуда бир оз ёзмоқчи бўлдим.

Самарқандда февраль ўзгаришидан кейин бир марта Самарқанд зиёлилари томонидан “Ҳуррият” газетаси чиқарила бошлағон эди. Бу газета маънавий жиҳатдан ва моддий жиҳатдан таъмин этилмаган бўлса-да, халқ томонидан суюб ўқилур эди. Чунки ул газета халқнинг аҳволи руҳиясига қараб борар эди. Ул тўхталғонигача мингдан оз босилмағон эди. Ўктабр ўзгаришидан кейин “Ҳуррият” газетаси, бир ёқдан, ҳукуматнинг қисиши билан ўзининг ҳурриятини йўқота бошлади. Иккинчи ёқдан, моддий жиҳатдан ҳам оғирликда қолди. Шунинг учун тўхталурга мажбур бўлди. Унинг ўрнида ҳукумат томонидан “Меҳнаткашлар товуши” газетаси чиқарулди.

Бу газета расмий бир газета бўлғони учун табиий, бир ёқдан, ҳукуматнинг буйруқларини бостирар ва халқ билан ҳукуматни бир-бирига яқинлаштурмоқ учун тиришар эди. Бошқа ёқдан, халқнинг уйғонишини, инқилобдан фойдаланмоғини ҳам ижтимоий жиҳатдан тузалмагини кўзда тутиб жиддий, ҳажвий ва танқидий мақолалар ёзар эди. Бу жиҳатдан баъзи ҳукумат бошида турғон мансабпараст кишилар ёки мустамлакачи большевикнамоларнинг саояти ва ҳужумига учраса ҳам, ул сензур йўқлиғиндан истифода этиб, ўзининг тутган маслакидан айрилмай турди. Ўшал вақтларда Тошкандда чиқатурғон “Иштирокиюн” газетасидан кўпроқ бизнинг “Меҳнаткашлар товуши” суюлиб ўқилур эди. Чунки керак тил, шева ва керак маслак жиҳатидан бу икки газета орасида ҳийла айирма бор эди.

Бу газета бир неча ой (1918нчи йил охирлари ва 19нчи йил бошларида) ўшал вақтдаги матбуот мудираси Бродская деган мустамлакачи бир хотиннинг қисиши остида қолғон бўлса ҳам, лекин “Миллий ишлар идораси”ға ўтгандан сўнг анинг чангалидан қутулғон эди.

Бу газетанинг бир оз яхши давом қилғон чоқлари 1920нчи йил охирларигачадир. Бу муддатда коғоз қаҳатлиғи унча сезилмаса ҳам, лекин қоғоз учун баъзи рус миллатчилари мустамлакачилик йўлини тутар эдилар. Русча газетани доимо қоғоз ва бошқа жиҳатлардан таъмин этиб келганлари ҳолда мусулмон газетасига лозимича аҳамият бермаслар эди. Бунинг учун эсимда қолғон ёлғиз бир воқеани ёзиб ўтай, шояд ўқувчилар шунга қараб бу ҳақда ўзларича бир ҳукм чиқара олурлар.

1919нчи йилда (ойи эсимда қолмағон) полиграфичиский отделнинг русча газетасига 250 пуд қоғоз берганлигини эшитиб, биз ҳам ёзиб, мусулмон газетаси учун қоғоз сўрадик. Мазкур идора бошлиғи маълум бир рус бизга тахминан 70-80 пудгина қоғоз бермакчи бўлди. Биз бунга кўнмадик. Ул мундан ортиқ бермади. Биз ўшал вақтдаги “Мусулмон бюроси”га мурожаат қилиб воқеани англатдик. Бу ишга ани восита қилдиқ. Полиграф бўлса, бюромизнинг мурожаатини ҳам илтифотга олмади. Биз “Мусулмон бюроси”нинг зоҳиран кўз бўёв учунгина ташкил этилган нафсиз ва эътиборсиз бир идора эканлигини ўшал чоғда билиб олдиқ. Сўзнинг қисқаси, охири умидсизланиб 125 пуд қоғозга рози бўлдиқ. Қабул етмади-да, талош-тортишимизга қарши: “Сиз мусулмонлар ҳам ҳар вақт ўзингиз қоғоз фабрика очиб, қоғоз чиқарсангиз, сўнгра тилаганингизча қоғоз ола билурсиз”, деб жавоб берди. Биз ҳам бу тўғрида сўз узайтиришнинг фойдасизлигини билиб 70 пудгина коғозга қаноатландик. Мана, мустамлакачиларнинг бизга қарши қилғон муомалаларидан бир мисол!..

1918-19нчи йилларда “Меҳнаткашлар товуши” уч мингдан зиёд, икки мингдан оз босилмади. Ва аксарият ила ҳафтада икки даъфадан кам чиқмади. Газетада ишлагувчи муҳаррир ва таржимонлар ҳам 19нчи йилнинг охирларигача ойлиқдан бошқа қалам ҳақи олмадилар. Тўғриси, таҳрир ҳақи олмоққа ҳақларини борлиғини ҳам билмадилар. Олатурғон вазифалари лоақал бир ҳафталик маишатларини таъмин етмаса ҳам, лекин китоб ва бошқа нарсаларини сотиб еб, хизматларини давом эеттурдилар. Бу йўлда масоҳала етмадилар.

Газетанинг мунтазам чиқмай оқсаб қолишига яна бир неча сабаб бор эдиким, бири ҳуруф, иккинчиси ҳуруфчин (наборшик) масаласидир. Босмахонада тўрт бетлик газетага етарлик миқдорда мусулмоний ҳуруф йўқ эди. Бори ҳам аксар вақт ҳукумат сипоришларига ишлатилиб, газетанинг тартибли чиқишиға монеъ бўлур эди. Ҳуруфчинларға келсак, булар ҳам табиий, маишат балосиға гирифтор эдилар. Олатурғон ойликлари лоақал жой ватанларини таъмин етмаганлиги учун бу бечоралар ҳам ишдан қочар эдилар. Биз аларни ахтариб топиб, ҳукуматнинг кучи билан зўрға ишлатар эдик. Бу ҳам албатта газетанинг давомига сакта берар эди.

Ҳуруф учун бу муддатда неча мартаба марказ (Тошканд)гача мурожаат қилғон бўлсак ҳам натижасиз қолди. Қуруқ ваъда ва сучук сўзлардин бошқа фойда кўрмадик.

Мана, Самарқандда “Меҳнаткашлар товуши”нинг 18- 19- 20-йилларда кечирган умрлари. Газетанинг 21-22-йилларда ўтказган ҳолларини келаси мақолада ёзсам керак. Шуни ҳам билмак керакким, мен бу сўзларни “Сўнгғи вақтларда Самарқандда нима учун матбуот таназзул қилди, аммо Тошкандда тараққий қилаётибдур?” деган саволнинг жавоби учун муқаддима тариқасида ёздим. Бу тараққий ва таназзулнинг туб сабаблари газетанинг келаси сонларида ёзилур.