Ҳоким маҳалла раисини лавозимидан озод қилиш ваколатига эгами?
“Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ваколатлари муддатидан илгари тугатилган тақдирда, тегишли фуқаролар йиғинларида янги сайлов ўтказилиши кўрсатилган.
Бироқ фуқаролар йиғини раислари (оқсоқолари) ўз ваколатларини зиммасидан соқит қилиш бўйича ёзган аризаларига асосан эгаллаб турган лавозимидан озод этилган ҳолларда ҳам бўшаб қолган ўринларга сайлов тартиби белгиланмаган, умумий тартибда ўтказиш эса мураккаб ҳисобланади. Негаки, умумий тартиб бўйича бўшаб қолган маҳалла фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловини ўтказиш учун узоқ вақт талаб этиладиган қуйидаги мураккаб босқичлардан ўтиш керак.
Сайловни ўтказиш муддатлари Олий Мажлис Сенати Кенгаши томонидан белгиланади. Сўнг Сенат Кенгаши томонидан фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи республика комиссияси, ўз навбатида, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашининг қарори билан тегишли ҳудуд комиссиялари тузилади. Шу асосда фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) қарори билан ишчи гуруҳ ташкил қилинади.
Бундан ташқари, қонунчиликда бўшаб қолган ўринга янги сайланган фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли)нинг ваколат муддатига аниқлик киритилмаган. Масалан, янги сайланган фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ваколат муддати сайланган санадан бошлаб 5 йил муддатга бўлиши ёки умумий тартибда сайланганлар билан бир хил муддатда ваколати тугаши белгиланмаган.
Шаҳар ва туман ҳокимликлари ҳамда маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари томонидан берилган маълумотга кўра, Қўшработ, Булунғур ва Самарқанд туманларида 1 тадан, Самарқанд ва Каттақўрғон шаҳарларида 2 тадан, Пахтачи туманида 3 та, Каттақўрғон туманида 4 та, Паст Дарғом туманида 5 та маҳалла фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ўринлари бўшаб қолган ва сайловлар ўтказилмаган.
“Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Қонунга асосан фуқаролар йиғини ҳар чоракда камида бир марта фуқаролар йиғини раисининг (оқсоқолининг) ҳисоботларини эшитиши ҳамда унинг натижалари бўйича қарор қабул қилиши назарда тутилган. Фуқаролар йиғини раисининг (оқсоқолининг) фаолияти қониқарсиз деб топилса, раис (оқсоқол)нинг ваколатлари муддатидан олдин тугатилиши мумкин.
Бироқ қонун ҳужжатларида фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ўз ваколатларини зиммасидан соқит қилганда унинг ваколатларини муддатидан илгари тугатиш тартиби белгиланмаган. Шу боис, амалиётда фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ўз ваколатларини зиммасидан соқит қилганда тегишли маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиқларининг буйруқлари асосида фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ваколатлари муддатидан илгари тугатилмоқда.
Ваҳоланки, “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Қонунда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари давлат ҳокимияти органлари тизимига кирмаслиги ва қонун ҳужжатлари билан берилган ўз ваколатларини тегишли ҳудуд доирасида амалга ошириши кўрсатилган.
Тўғри, 2019 йил 1 июндан бошлаб фуқаролар йиғинлари ходимлари билан меҳнат шартномаларини тузиш ва бекор қилиш фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман (шаҳар) кенгашлари раисларининг биринчи ўринбосарлари томонидан амалга оширилиши тартиби ўрнатилган. Демак, Президентимизнинг 2019 йил 2 апрелдаги “Аҳоли муаммолари билан ишлашда маҳалла институтининг мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳам бекор қилиниши зарур.
Негаки, давлатимиз раҳбарининг жорий йил 18 февралдаги “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони шуни тақозо қилади.
Фармонда белгиланган тартибларга зид яна бошқа ҳужжатлар ҳам ўз кучида қолмоқда. Мисол учун, фуқаролар йиғини раисининг ободонлаштириш, томорқа ва тадбиркорлик масалалари бўйича ўринбосари лавозими фуқаролар йиғини масъул котиби лавозими ўрнига бир нафардан, шунингдек, маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштириш тартибини сақлаган ҳолда жорий этилиши белгиланган.
Бироқ фуқаролар йиғини масъул котиби фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли)нинг тақдимига кўра, фуқаролар йиғини томонидан тасдиқланиши тартиби белгиланган Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 7 ноябрдаги “Фуқаролар йиғинининг масъул котиби фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори ўз кучини йўқотмаган.
Бир сўз билан айтганда, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолияти билан боғлиқ қонун ҳужжатларини хатловдан ўтказиб, бир-бирига зид нормаларни оптималлаштириш, мавжуд бўшлиқларни тўлдириш чораларини кўриш зарур.
Сардорбек МАЖИДОВ,
Самарқанд вилояти адлия бошқармаси бош маслаҳатчиси.