Ҳунармандларга имтиёзли кредит ва субсидия ажратилади

Президентнинг 2021 йил 30 декабрда “Ҳунармандчилик фаолиятини қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-77-сонли қарори қабул қилинди.

Ушбу қарорга мувофиқ, лойиҳаларни молиялаштириш учун 10 триллион сўм маблағ ажратилади.

2022 йилда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида имтиёзли кредитлар йиллик 14 фоиз ставкада "Ҳунарманд" уюшмаси аъзоларига ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун асбоб-ускуна, эҳтиёт қисмлар ва хомашё материалларини харид қилиш, ҳунармандчиликни ривожлантириш марказлари, "уста-шогирд" мактабларини ташкил этиш, уй-музейлар ва устахоналар қуриш ёки шу мақсадларда бино ва иншоотлар сотиб олиш учун - 3 йилгача муддатга ҳамда айланма маблағларини тўлдириш учун 18 ойгача муддатга ажратилади.

Белгиланишича:

  • 2022 йилда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида ажратилаётган маблағларнинг 500 миллиард сўми ҳунармандчилик лойиҳаларини молиялаштириш учун йўналтирилади;
  • имтиёзли кредитлар ҳунарманднинг талаби бўйича нақд пул олиш имконияти билан тақдим этилади;
  • олдинги йилларда ҳунармандларга ажратилган имтиёзли кредитларнинг сўндирилган қисмидан ҳосил бўлган маблағлар айнан ҳунармандчилик лойиҳаларини молиялаштириш учун қайта йўналтириб борилади;
  • имтиёзли кредитлардан самарали фойдаланилиши ва уларнинг ўз вақтида қайтарилиши юзасидан "Ҳунарманд" уюшмаси тижорат банклари билан биргаликда доимий мониторинг ва назорат тизимини ўрнатади.

Бунда, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида имтиёзли кредит ажратиш бўйича «oilakredit.uz» электрон майдонида ҳунармандларни онлайн навбатга қўйиш ва уларнинг лойиҳаларини кредитлаш учун алоҳида бўлим ишга туширилади.

2022 йилдан бошлаб Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш жамғармаси ҳисобидан:

  • "уста-шогирд" анъаналари асосида ёшларга ҳунар ўргатаётган ҳунармандларга - шогирдлар тайёрлаши, зарур хомашё сотиб олиши ва шогирдларни иш ҳақи билан таъминлаши учун 6 ой давомида ҳар ойда БҲМнинг 2 бараваридан кам бўлмаган миқдорда;
  • шогирдларга - мустақил фаолиятини бошлаши учун зарур асбоб-ускуна ва жиҳозларни сотиб олиши, шунингдек, усталарга - веб-сайтларини ташкил этиш учун - БҲМнинг 25 баравари миқдоридан ошмайдиган қисмига субсидиялар ажратилади.

“Янги Ўзбекистон”.