Ҳуқуқларимиз Конституция билан кафолатланган. Лекин бу ҳужжатда мажбурият ҳам белгиланган

Кейинги 5-6 йилда жамият ҳаётида том маънодаги ижобий ўзгаришлар бўлди. Булар орасида сўз эркинлиги, бошқарувдаги очиқлик ва шаффофликни алоҳида эътироф этиш лозим. Негаки, ўтаётган йиллар силсиласида фуқароларимиз нафақат ижтимоий тармоқларда, балки реал ҳаётда ҳам ўз фикрини эркин ва очиқ билдириш имконига эга бўлди.

Оддий мисол, илгари ҳокимларни асосан телевизорда кўрган халқимиз республика даражасидаги раҳбарлар билан юзма-юз гаплашиш, уларга ўз дардини, муаммосини баён қилиш имконига эга бўлди.

Бош қомусимизда фикр эркинлиги кафолатланган. Конституциямизнинг 29-моддасига кўра, ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга...

Бундан ташқари, 13-моддада “Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра, инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади”, деб белгиланган. Умуман, эркинлик сўзининг ўзи Асосий қонунимизда 18 марта ишлатилган. Шунинг ўзи юртимизда инсон эрки қанчалик улуғланганини кўрсатади.

Аммо гуруч курмаксиз бўлмаганидек, айрим кишиларимиз эркинликни чегарасизлик тарзида қабул қилаётганига гувоҳ бўляпмиз. Ваҳоланки, Конституцияда мумкин эмас, деган жумла 22 марта қўлланилгани ҳам буни исботлаб турибди. Бу чекловларнинг 4 таси шахсий ҳуқуқ ва эркинликлар билан боғлиқ ҳолда ифодаланган. Албатта, мазкур қоидалар юртимиз фуқароларининг ҳуқуқ ва эркинликларини чекламайди, аксинча, уларга муайян имкониятлар беради. Ҳамма гап масалага қайси томондан қарашда.

Масалан, Бош қомусимизга кўра, “Ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмас”. Нега айни шу моддани келтиряпман? Чунки бугунги кунда қайнонани келинга қилаётган зуғуми ёки аксинча, куёвни келинга муносабатларидаги қаттиққўллик ҳолатлари тез-тез учраб турибди.

Конституциямизнинг яна бир моддасида белгиланганидек, “фуқаролар Конституция ва қонунларга риоя этишга, бошқа кишиларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилишга мажбурдирлар”.

Айтмоқчи бўлганим, Асосий қонуннинг 6 та моддасида бурчларимиз ҳам белгиланган. 128 модда орасида бу арзимасдек кўринади. Аммо биринчи навбатда айнан бурчларимизни теран англасак ва унга амал қилсак, ҳаракат ёки ҳаракатсизлигимиз бизнинг фойдамизга ишлаши шубҳасиз.

Хуршидбек Абдиев,

фуқаролик ишлари буйича Самарқанд шаҳар судининг судьяси.