Ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари хотин-қизлари беллашди
- 07.03.2021 18:50
- 210
- Спорт
Самарқанддаги “Динамо” жисмоний тарбия спорт жамияти томонидан вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларида хизмат қилаётган аёл ходималар ўртасида спортнинг “Кўпкураш” тури бўйича мусобақа ташкил этилди.
Беллашувда Миллий гвардиянинг вилоят бошқармаси, ички ишлар, божхона ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати бошқармаларида фаолият юритаётган хотин-қизлардан иборат 8 жамоа спортнинг ПМ тўппончасидан ўқ отиш, 1000 метрга югуриш, стол тенниси ҳамда бадментон турлари бўйича “Динамо” кўчма кубоги биринчилиги учун ўзаро куч синашди.
Мусобақа натижаларига кўра, 1-ўрин Миллий гвардиячиларга, 2-ўрин Давлат хавфсизлик хизмати бошқармаси, 3-ўрин ички ишлар бошқармаси жамоаларига насиб этди. Ғолибларга ташкилотчиларнинг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.
Тадбирда Миллий гвардиянинг вилоят бошқармаси аёл ҳарбий хизматчилари томонидан кўргазмали чиқишлар намойиш этилди.