Ҳурриятни қўмсаган Ализодалар

“Ализода Таги Ризаев – 1906 йилда Самарқанд туманидаги 2-Юнусариқ қишлоғида туғилган. Миллати эроний. Ҳибсга олинган вақтда “Ленин йўли” (ҳозирги “Зарафшон”) газетасида бўлим мудири вазифасида ишлаган.

 У 1933 йил ноқонуний равишда Совет иттифоқидан Эронга қочган. 1935 йил ортга қайтиб, ҳамқишлоқлари орасида доимий равишда антисовет-мағлубиятчилик тарғиботини олиб борган. Совет иттифоқининг қулаши ва капиталистик давлатлар билан бўладиган уруш ҳақида миш-мишлар тарқатганликда айбланган. 1938 йил 26 февралда қамоққа олинган”.

 Рустам Шамсутдинов ва Элёрбек Холмирзаев муаллифлигида чоп этилган “Коллективлаштириш ва “катта террор” даврида қатағон қилинган ватандошларимизнинг хотира китоби (Самарқанд вилояти)”даги ушбу жумлалар бизни жадидчи, маърифатпарвар олим, журналист ва таржимон Саидризо Ализода хонадонига етаклади.

Дарвозада бизни Фарҳод Ализода (Саидризо Ализоданинг набираси) қарши олди.

Бобомни кўпчилик яхши билади, - деди Фарҳод ака. - Халқни маърифатга ундовчи асарлари орқали Марказий Осиё мамлакатларидан ташқари Эрон, Туркия, Ҳиндистон, Покистон ва араб давлатларида ном қозонган. 14 та хорижий тилни билган.

Саидризо Ализоданинг бир ўғли ва уч қизи бўлган. Мен ўша ўғли – Таги Ализоданинг фарзандиман. Бобом 1907 йилда Самарқанд шаҳридаги Саидлар маҳалласида биринчи “Мактаби исломия”ни очади. Отам илк таълимни шу мактабда олган. Ушбу жадид мактабида диний таълимдан ташқари, дунёвий илмлар ҳам ўргатилган. Мактабнинг «Сарфи араб», «Туркий алифбо», «Тарих», «Жуғрофия», «Риёзиёт», «Ҳандаса», «Табиат», “Дин қонунлари”, “Ислом маданияти тарихи”, «Дин вожиблари», «Низомнома», «Бадан тарбияси», «Илми фазо» каби дарсликларини бобомнинг ўзи ёзган. Бобом тайёрлаган 23 та дарслик аввал Ҳиндистонда, кейин Покистонда чоп этилган.

Мактабда отам афғонистонлик олим Мирза Асламхон, озарбайжонлик Охундий муаллим, ўзимиздан Тўрақул муаллим, Мулла Ҳалим Каримзода каби зиёлилар билан бирга таълим олган. 14-15 ёшга киргандан кейин отам (1918-1920 йилларда) почта хизматига ишга киради. Бир муддат комсомолда ишлайди. 1924-1927 йилларда Самарқанд давлат суғурта назоратчиси ёрдамчиси, Самарқанд шаҳар ижроия қўмитаси котиби, ички ишлар халқ комиссарлигида меҳнат қилади. 1927 йил Боғишамол туманидаги 2-мактабга мудирлик қилади. 1933 йилда Пайариқ тумани машина-трактор парки директорининг ўринбосари этиб тайинланади. 1936 йил Самарқанд тумани Янгийўл қишлоқ кенгашига раис бўлган. 1937 йил туман ижроия қўмитаси масъул котиби, 1938 йилда эса “Ленин йўли” газетаси таҳририятининг ишчи-деҳқон мухбирлари бўлимини бошқаради.

Челакда отам томонидан бунёд этилган машина-трактор парки биноси бугун ҳам бор. Фақат бугун бинодан бошқа ташкилот фойдаланмоқда.

1926 йилда отам Таги Ализода “Мактаби исломия”да таҳсил олган тенгдошлари Ҳасан Ражабзода ва Фаттоҳ Одилов билан биргаликда Озарбайжоннинг Боку шаҳридаги олти ойлик муаллимлар курсида ўқиб қайтади. Шу боис отам давлат ишларидан ажралмаган ҳолда қамалгунларича шаҳар мактабларида муаллимлик ҳам қилган.

Биласиз, 1927 йилдан 1930 йилнинг июлигача Самарқанд шаҳри Ўзбекистоннинг пойтахти эди. Ўша пайтда ҳукуматга Бухородан келган Акмал Икромов раҳбарлик қилган. Файзулла Хўжаев халқ комиссарлар советини бошқарган. Фарғоналик Йўлдош Охунбобоев олий советга раислик қилган. Улар раҳбарлик қилган даврда республикамизда кўплаб хайрли ишларга қўл урилади.

1930 йилнинг 30 майида Москвада партиянинг 16-қурултойи ўтказилиши белгиланиб, Ўзбекистоннинг беш йиллик қишлоқ хўжалиги, ишлаб чиқариш саноати, ирригация тизимларидаги ютуқларига оид “ғалаба рапорти”ни Москвага етказиш керак бўлган. “Рапорт”ни қурултойга олиб борадиган йигитларни саралаш учун шу йилнинг январь ойида республика бўйлаб 800 нафар йигит суҳбатга чақирилади. Йигитларнинг республика иқтисодиёти, географияси, маданий алоқалар ҳақидаги билими, рус тилини билиш даражаси синовдан ўтказилади. Шундан атиги икки киши – отам Саид Таги Ализода ва Қосим Юсуповни танлаб олишади. Улар 1 май куни Самарқанд шаҳридаги “Офицерлар уйи” олдидан тантанали равишда Москвага кузатилади. Ўзбекистонлик норғул йигитлар велосипедда йўлдаги барча қийинчиликларни енгиб, 30 кун деганда Москвага етиб боришади. Қурултой шаҳардаги “Катта театр”да бўлади. Ўзбекистондан борган икки йигит қурултой минбарида ўтирган “политбюро” аъзолари – Сталин, Молотов, Кагонович, Ворошилов, Ждановга мамлакатимизнинг “ғалаба рапорти”ни топширади.

Уларни театр ёнидаги қадимий “Метропол” меҳмонхонасига жойлаштиришади. Бир ҳафта мобайнида уларни Москва шаҳри билан таништиради ва эсдалик совғалар билан поездда Самарқандга жўнатишади.

Отам “Ленин йўли” (ҳозирги “Зарафшон”) газетаси таҳририятида 6-7 ой ишлагандан кейин СССР фуқароларининг оммавий ихтиёрий жамоат ташкилоти “Мудофаа, авиация ва кимё қурилишига ёрдам бериш жамияти” (Осоавиахим)га ишга олишади. Ҳатто хизмат машинаси берилади. Ушбу машинада отам республикамизнинг турли ҳудудларида юриб, спортнинг техник ва амалий турларини бўлажак ҳарбийларга ўргатиш билан шуғулланган.

Афсуски, ўша даврдаги қатағон сиёсати отамни ҳам четлаб ўтмади. 1935 йилда у кишини халқ душманининг ўғли, “Эронга қочган”, деган туҳматлар билан ҳибсга олишади. Ачинарлиси, отам ҳатто суд ҳам қилинмайди.

Саидризо бобомнинг акасининг икки ўғли - Саид Али ва Саид Мадиларни ҳам халқ душманининг яқини сифатида қамашган. Улар шойи фабрикасида тўқувчи бўлиб ишлаган (ота-боболаримиз бофанда - тўқувчи бўлишган). Отам қамалганда 32 ёшда бўлса, бу амакиваччаларимизнинг ёши 27-28 ёшларда эди. Уларнинг ҳар бири 10 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Отамнинг поччаси - Саидризо Ализоданинг ўртанча қизининг турмуш ўртоғи, шоир Ҳасан Ирфонни ҳам қамашган.

10 йилга ҳукм қилинган отам Сибирга жўнатилади. Печёра дарёси бўйидаги турмада отамни 80 кишилик маҳбуслар гуруҳига бригадир қилиб қўйишади. Отамнинг айтишича, эрталаб нонуштага олиб бориш-қайтиш жараёнининг ўзида, йўлда очликдан кунига 3-4 киши ўлган”. Маҳбуслар асосан ўрмонда дарахт кесиш билан шуғулланган. Дарахтларни кесиб, дарёда оқизишган. 3-4 йил шу ерда ишлаш жараёнида дарёга қайиқда тушиб, дарахтларни бир-бирига боғлаш жараёнларининг бирида отам ўтирган қайиқ ағдарилиб кетади. Декабрь ойининг изғирин кунларида содир бўлган воқеада шериклари сувда оқиб, музлаб, ҳалок бўлишади. Отам спортчи бўлгани, бақувватлиги сабаб дарё қирғоғига сузиб чиқади, аммо сил касаллигини орттириб олади. Хуллас, 8 йил Сибир қамоқларида бўлиб, 1945 йилнинг охирги ойларида уйга қайтиб келади. Мен ўша вақтлар 9-10 ёшларда эдим. Бутун шаҳар аҳолиси отамни кўришга келганди ўшанда.

Отам турмада орттирган касаллиги туфайли 6 ой азоб чекди, даволанди.

Отамнинг учта – ветеринар Хадичабегим, филолог Саидабегим (шоир Ҳасан Ирфоннинг хотини) ва шифокор Шарофатбегим исмли сингиллари бор эди. Аммам Хадичабегимнинг турмуш ўртоғини 1927 йилда Тожикистоннинг Гарм шаҳрига муаллимликка ишга юборишади ва у кишини ўша ерда ўлдиришади. Қишлоқ хўжалик институтини битирган аммамиз кейинчалик Жиззахнинг Москва колхозида ветеринар врач бўлиб кўп йиллар ишлаган. Турмуш қурмаган ва Саидризо бобомизни қамашгач, бувимизни ўзи билан Жиззахга олиб кетган.

Отам қамалгандан кейин 4 фарзанд онам билан жуда қийин аҳволда қолганмиз. Бобом, отам қамоқда бўлган қийин кунларнинг бирида бир самарқандлик киши “Халқ душманининг фарзандлари, набиралари ер ва мулк солиғини тўламайди”, деб ёзиб берган. Табиийки, бобомнинг ҳовли-жойи учун солиқ тўлаш имкониятимиз бўлмаган. Онамнинг топгани рўзғордан ортмаган, биз бола бўлганмиз. Солиқни вақтида тўламаслик баҳонасида онам ва биз, 4 фарзандни кўчага ҳайдаб, уйимизни тортиб олмоқчи бўлишган.

Бу хабарни эшитган онам почтага бориб, Жиззахда яшаётган Хадича аммамизга телеграм юборган. Аммам бу хабарни Синдор Ҳамроқулов ва Шароф Рашидовнинг оталарига етказиб, ёрдам беришларини сўраган. Ўша пайтда юртга танилган бу отахонлар Хадича аммамизга пул бериб, Самарқандга юборган. Аммам олиб келган пулни солиқ учун бериб, ҳовлимизни сақлаб қолганмиз.

Отам турмадан қайтганида ҳам Хадича аммам Жиззахдан бир қўйни сўйиб, бир қоп ун, бир қоп гуруч билан келиб, отам соғайиб оёққа туриб кетгунларича қарашиб турдилар.

Отам Таги Ализода оёққа тургандан кейин “Ҳужум” фабрикасининг директори Ҳожи Ёрмуҳаммедов у кишини коммунал хўжалик бўлимига ишга олди. Кейинчалик отамга заводнинг ҳисобидан бир сигир беришди. Сўнг шойи тўқиш фабрикасига ишга ўтиб, пенсияга чиққунича шу фабрикада меҳнат қилди. 1977 йилнинг августида оламдан ўтди.

Отамнинг вафотидан олдин, 1977 йилнинг апрель ойида туш кўрдим. Тушимда бобом “шаҳарнинг Чорраҳа кўчасидаги фалон кишининг уйида китобларим бор. Ўшани уйга олиб келиб қўйинглар”, деди. Эрталаб бу гапни отамга айтдим. Такси ушлаб, айтилган манзилга отам билан бордик. Уй эгаси бизни киритмади. Қайтиб келдик. Эртасига яна ўша тушим қайтарилди. Бу гапни касал ётган отамга айтдим. Яна йўлга отландик, ҳовлидан кеча кўнмаган аёл чиқди. Мен “киришга ижозат беринг, нима десангиз розиман”, дедим. Аёл кўзи ожиз эридан рухсат сўраб келди. Киришимизга изн берибди. Отам билан эрталаб соат 10:00 дан пешин соат 16:00 гача ҳовлидаги китоблар орасидан бобомнинг 7 та китобини топдик. Бир китобнинг орасидан бобом билан боғлиқ маълумотни топишга муваффақ бўлдик. Унда бобом ҳақидаги “Билдиришнома”га кўзим тушди. Кейинчалик шу “Билдиришнома” сабаб бобомнинг қабрини топиб, ҳокини Самарқандга олиб келишга муваффақ бўлдим.

Вафотидан олдин отам “Бобонгнинг ҳокини олиб келиш насиб этса, менинг қабримнинг ёнига қўйинглар”, дея васият қилганди. Бугун отамнинг ушбу васиятини адо этганимдан руҳим енгил тортади.

Абдуғофур ШЕРХОЛОВ ёзиб олди.