Ҳуштакни қаттиқроқ чалинг!
Агар ҳайдовчи йўл қоидасини бузса, ЙПХ инспектори ҳуштак чалади. Қоидабузарга жарима белгилайди. Бу билан содир бўлиши мумкин бўлган ҳалокатлар олди олиниши ҳақиқат.
Афсуски, миллатни миллат, давлатни давлат сифатида кўрсатувчи рамзлардан бири она тилимизни ҳар қадамда бузишади. Аммо ҳеч ким бу ҳолатдан ташвиш чекмайди. Аслида қоидабузарликнинг энг хатарлиси она тилига бўлган беписанд муносабатдир.
Бундан ўттиз бир йил муқаддам юртимизда «Давлат тили тўғрисида»ги қонун қабул қилинганди. Ушбу ҳужжат ҳақида гап кетганда, кўпчилигимиз юзлаб қонунларнинг шунчаки, биттасидай тасаввур қилишимиз ҳам афсуски, ҳақиқат. Тўғри, моҳиятан олганда тилга оид бир йўналишни тартибга солувчи меъёрлар жамланмаси, холос. Аммо ана шу қонун билан ўзбек тили маҳаллий тил даражасидан катта ҳарфлар билан ёзиладиган ДАВЛАТ ТИЛИга айланди.
Аммо тил борасида оғриқли муаммоларимиз йўқ эмас. Орадан бир неча ўн йилликлар ўтибдики, ҳамон уни тўлиқ ҳимоя қила олмадик.
Ўқувчилик йилларимиз туман мудофаа ишлари бўлимидан маълумотнома олишга тўғри келди. Маъмуриятга мурожаат қилдим. Кўринишидан ўзимиз қатори қишлоқ қизи бўлган котиба ўн дақиқа кутиб туришимни айтди. Кўп ўтмай қўлимга рус тилида ёзилган «справка» тутди...
Ўшанда нега бундайлигини тушунмаганман. Она тили ва адабиёт ўқитувчимиздан ўзбек тили расмий мақомда бўла туриб, нега ҳужжатлар тўлиқ ўзбекча юритилмаслигини сўраганим ҳам ёдимда. Ўшанда устоз жавоб беришга қийналганди.
Яқинда бир киши телеграм орқали менга худди ўшандай «справка»лардан бирининг суратини ташлаб берди. Шу билан бирга «Сиз давлат тили бўйича мутахассиссиз. Ушбу ҳолатни қандай изоҳлайсиз?», деб ёзди.
Дарҳақиқат, тилимизга давлат мақоми берилди. Аммо уни ҳимоя қилиш пайсалга солиб келинди. Жавобсиз саволларни эса чуқур ўйлаб кўриш, оғриқли бўлса ҳам унинг остидаги ҳақиқатни тан олишдан қочдик.
Яқинда интернетда тилга оид меъёрий ҳужжатларни бузганлик учун жавобгарликни кучайтирувчи қонун лойиҳаси эълон қилинди ва лойиҳа жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
Агар қонун қабул қилинса, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 42-моддасига қўшимча киритилади. Унга кўра, давлат органлари ва ташкилотларида давлат тили ҳақидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этмаслик мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг икки бараваридан беш бараваригача жарима солишга сабаб бўлади.
Бунда расмий иш юритиш давомида давлат тили нуфузини мустаҳкамлаш назарда тутилаётган бўлиб, ўзаро мулоқот давомида ҳар ким ўзига қулай тилда сўзлашиши мумкин.
Афсуски, ушбу лойиҳани нотўғри талқин қилувчи юртдошларимиз ҳам учрамоқда. Ҳатто ўзига хос контентга эга бўлган vesti.uz сайти «Ўзбекистонда Пушкин тили жаримага тортилиши мумкин» сарлавҳали мақола эълон қилди. Унда Алишер Навоий, Абдулла Қодирий, Чўлпонларнинг тили-чи?
Аввало, бир жиҳатни унутмаслигимиз керак. Янги қонун қайсидир тилни тақиқлаш эмас, давлат тилини ҳимоя қилиш мақсадида ишлаб чиқилган.
Иккинчидан, давлат тили мустаҳкамланиши бошқа тиллар камситилишини англатмайди.
Сўзимиз бошида буюк адибимизнинг ҳуштак ҳақидаги фикрини бежиз эсламадик. Жоиз бўлса, ўзбек тили қоидалари бузилса, ҳуштакни қаттиқроқ чалиш фурсати етди. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилаётган ўзгартириш ана шу ҳуштак вазифасини ўтайди.
Б.ХОЛМУҲАММЕДОВ,
Самарқанд вилояти ҳокимининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш бўйича маслаҳатчиси.