Ҳушёрлигимиз билан эл-юрт дардига малҳам бўлайлик
Одамда масъулият деган туйғу бўлади. Айнан масъулият унинг инсонийлик белгисидир. Бу тушунчанинг мазмун-моҳиятини қуйидагича изоҳлаш мумкин: «Инсон ўзи ва атрофида кечаётган воқеа-ҳодисаларнинг қандай кечаётганлигига, унинг увол-савобига жавобгар (масъул) эканлигини унутмаслиги лозим».
Гап нима ҳақида бораётганини билдингиз, албатта.
Хатоларни тузатиб, ёмонни яхшилаб, яхшини мукаммаллаштириб, ҳушёр ва огоҳ бўлиб, эзгу ниятлар билан яшаш фақат одамзотга хос фазилатдир. Қолаверса, тош асридан бугунги космик эрага қадар босиб ўтилган тарихий жараённинг ақл бовар қилмас мўъжизалари инсон даҳосининг тафаккури, билими маҳсулидир. Шунингдек, инсон қони дарё бўлиб оққан, миллионлаб хотин-қизлар, гўдаклар, ҳимоясиз кексалар нобуд бўлган, адолат оёқости қилинган замонлар, урушлар ҳам инсон қиёфасидаги “одам” зотининг, ҳайвондан бадтар, қонхўр, ваҳший қавмлари туфайли содир бўлганлиги ҳам аёндир.
Арқонни узунроқ ташлаганлигимизнинг боиси шулким, бугунга келиб, дунё кўрган, илму маърифатни кенг кўламда ўрганган, “кўзи каттароқ очилган” эл, эски жоҳилий қарашлардан воз кечиб, тириклик умрини ғанимат билиб, тўғри ва адолатли йўлга кириб олдими, деган мулоҳаза умидидир...
Айтайлик, дунё халқларининг бошига тушган бугунги ташвишли дамларда барчамиз баравар бўлиб, ҳамжиҳатликда коронавирус балосига қарши курашиш лозим дея даъват қилинаётган бир пайтда, белгиланган тартиб-интизом бузиладиган бўлса, олифталик қилиб, ниқоб тақиб юрмаса, бузғунчининг касофати туфайли ўнлаб, юзлаб инсонлар ҳаёти хавф остида қолиши аниқ эканлигини билгани ҳолда, шифохоналардан қочиб тартиб-қоидани бузаётган катта ёшдаги одамларни нима деб аташ керак?! Улар кимлар, мақсадлари нима!? Менимча, бундай қавм ақли-ҳуши тўла шаклланмаган, маънавияти тубан, ахлоқсиз, маданиятсиз одамлардир... Улар учун ўзгаларнинг, ҳатто бегуноҳ гўдакларнинг, қариндош уруғларининг ҳам ҳаёти аҳамиятсиз... Бундай калтафаҳмлар: “Қирқ йил қиёмат бўлса ҳам қазоси етган ўлади”, дегувчи нодон-довдирлардир...
Бу масъулиятсиз қавмни жарималар солиш билан жазолаш усуллари қўрқитолмайди. Кескинроқ чора-тадбирлар қўллаб, уларни аҳоли орасидан ажратмоқ (изоляция) керак.
Жиндай ўйлаб кўрадиган одам, аввало, ўзи ҳақида, қилаётган ишлари хусусида: мен кимман, борлигимдан элга манфаат борми, нима учун давлат менга ғамхўрлик қиляпти, мен шунга лойиқманми ёки аксинча «Нима қиляпман, қилмишларимдан эл зарар кўрмаяптими?», деб мулоҳаза юритмайдими?
Коронавирус тўғрисидаги кўрсатув ва эшиттиришлар орқали гувоҳ бўлишимизча, ушбу бало туфайли Японияда ҳатто карантин ҳам эълон қилинмабди. Чунки японияликларнинг турмуш тарзида қонун-қоидага, санитария ва гигиена талабларига риоя қилиш одатдаги таомил бўлиб, алоҳида огоҳлантириб ўтиришга ҳожат йўқ. Огоҳлик ва ҳушёрлик, ватанпарварлик ва миллатпарварлик уларнинг қон-қонига сингиб кетган туйғу.
Нима учун бизда шундай эмас?! Қачон шундай бўламиз?! Умуман, бўла оламизми...?!
Одам бўлиб келдик, одам бўлайлик,
Элу юрт дардига малҳам бўлайлик,
дея куйланаётган чиройли, даъваткор хонишлар, бугуннинг кўксидан отилиб чиқаётган амри маъруф, хитобга ўхшайди, тўғрими..?!
Нуриддин БОБОҚАНДОВ.