Ибратли ҳикоя: Чироқнинг ёғи кимники?

Ҳазрати Умарнинг халифалик даврларида уйларига маккалик бир дўстлари меҳмон бўлиб келди. Қоронғи кеча эди. Ҳазрати Умар уйларида давлат ишлари билан машғул эдилар.

Дўстларидан узр сўраб, бироз кутиб туришини айтдилар. Давлат ишини битирганларидан кейин, ёниб турган чироқни ўчирдилар ва бошқа чироқни ёқдилар.

Дўстлари бундан ҳайратланиб, сабабини суриштирди. Ҳазрати Умар шундай жавоб бердилар:

– Ўчирилган чироқнинг ёғи хазинаникидир, яъни давлатники. У давлат ишлари кўрилаётган пайтда ёнса, менга ҳалол бўлади. Сен эса менинг ошнамсан, суҳбатимиз ҳам ўзимизга тегишли бўлади. Шу сабабли ўз пулимга олинган иккинчи чироқни ёқиб қўйдим.

Давлатнинг моли хусусий ишларга қўлланилса, ёруғлик ўрнига қоронғилик ва уят бўлади.