Ибратли ҳикоя: Мен бахтлиман
Бир куни подшоҳ касал бўлиб қолибди. Уни даволаш учун бутун дунёдан табибларни чақиришибди, лекин ҳеч бири подшоҳни даволай олмабди. Шунда уларга бир донишманд маслаҳат қилибди: агар бир бахтли одамни топиб, унинг кўйлаги подшоҳга кийдирилса, у тузалади.
Бахтли одамни топиш учун дунёнинг ҳамма томонига чопарлар жўнатилибди. Лекин ҳеч ким "Мен бахтлиман", деган одамни топа олмабди. Кимдир бой, лекин касал, яна кимдир соғ, аммо камбағал, бошқаси бой, соғ, бироқ оиласи нотинч – хуллас, ҳамма нимадандир нолир эди.
Бир куни тунда подшоҳнинг ўғли шаҳар кўчаларини айланиб юрса, бир ҳовлидан кимнингдир гапини эшитиб қолибди. У: "Яхши ишладим, пулимни олдим, қорним тўйди, энди маза қилиб ухлайман. Мендан бахтли одам йўқ", дебди.
Подшоҳнинг ўғли севиниб кетиб, тезда хизматкорларини жўнатибди. Катта пул эвазига ўша одамнинг кўйлагини олиб келишни тайинлабди. Хизматкорлар ҳовлига кириб шаҳзоданинг буйруғини бажармоқчи бўлибди, лекин қарашса, ҳалиги "бахтлиман" деган одам шунчалар қашшоқ эканки, ҳатто эгнида кўйлаги ҳам йўқ экан.
Хизматкорлар воқеани шаҳзода ва подшоҳга етказганида, шаҳзода ҳалиги қашшоқ кишига эгнидаги шоҳона кийимини элтишларини, шоҳ эса ярим давлатини беришга розилигини айтишни буюрибди. Ҳаётда ким, қандай одам бахтли бўлишини ҳис қилган подшо шу воқеадан кейин тузала бошлаган экан.
***
Хулоса: Билингки, бахт матоҳда эмас. Одам ўзини бир муддат бўлса-да, бахтли ҳис қилиши учун бой бўлиши шарт эмас, балки борига шукр қилиши кифоя.
Акбаршоҳ Расулов.