Ибратли воқеа: Антиқа саховат
- Кечирасиз, ука, мана шу ердан ўтиб кетаётгандим, кўчада юрган экан, сизники эмасми? - сўз бошлади тоза, озода костюм-шим кийиб, қўлида сигир арқонини тутиб олган киши.
- Йўқ, бизнинг сигиримиз йўқ, - жавоб берди камбағалгина, борига шукур қилиб яшаб келаётган инсон.
- Мен жуда мажлисга шошиб тургандим, шу сигир сизникида туратурсин, эгаси қидириб келса бериб юборасиз. Кўчада бирор ёққа кетиб қолиб эгаси қидириб юрмасин.
- Хўп, ака майли. Эгаси келиб қолса сизни айтаман, яхши инсон экансиз.
- Майли, мени айтақолинг. Ҳеч ким сўраб келмаса, ўзим олиб кетаман, майлими? - кулди ҳалиги киши.
- Хўп, ака.
Шукур билан яшаб келаётган инсон эртаси тонгда дарвозаси олдида қоғозча топди. Унда шундай ёзилганди: "Кеча сизга арқонини тутқазган сигир ўзингизники экан. У сизга Яратганнинг бир туҳфаси эмишки, эгаси қидириб келади деб кутманг. Рамазон муборак бўлсин, дўстим!".
Нуриддин ЗИЁ.