Ибратли воқеа: Ҳақиқий дўст
Бир киши бироз пулга муҳтож бўлиб қолди, дўстидан ёрдам олиш мақсадида унинг уйига бориб, эшигини тақиллатди...
Дўсти чиқиб, у билан кўришди, уйга таклиф қилди. Аммо у киши рад этди:
- Мени кечир, бу таклифингни ҳозирча қабул қилмайман, вақтим зиқ. Бир кишидан 100 минг сўм қарздор эдим, бугун келиб, пулини қистади. Қўлимда пул йўқ. Шунинг учун сенинг олдингга келдим, ёрдам қиларсан, деб умид қиламан, - деди.
Уй эгаси дарҳол ичкаридан 100 минг сўм олиб чиқиб, дўстининг қўлига берди.
- Дўстим, бирор нарсага муҳтож бўлиб қолсанг, мендан яширма, қўлимдан келганча ёрдам беришга тайёрман, - деб унинг кўнглини кўтарди.
Дўсти хурсанд бўлиб, хайрлашди ва шошганча уйига қайтди.
Ҳалиги киши дўсти қайтиб кетгандан кейин йиғлаб уйига кирди. Хотини «Эрим кўп пул бериб юборганига пушаймон бўлиб йиғлаётган бўлса керак», деб эрига:
- Бирор нарсани баҳона қилиб, пул бермасдан қайтариб юборсангиз бўлмасмиди, - деган эди. Эри шундай жавоб берди:
- Йўқ, сен ўйлаганча эмас, дўстим пулга муҳтож бўлиб қолганини билмаганимдан. У келиб сўрамасдан олдин ўзим бориб, «Дўстим, бирор нарсага муҳтожмасмисан, тортинма, айт», деб сўрашим керак эди, ғафлатда қолганимга ачиниб йиғлаяпман.