Ибратли воқеа: От йиғлаган кун
Бу гапни дастлаб эшитганимда ишонмагандим, бироқ Мирзаабдулла ака билан учрашгач, у кишининг ҳикоясидан таъсирландим.
– Ҳа, отнинг йиғлагани рост, – деди у. – Дадамга ўн бир йил ҳамроҳ бўлган ўша жонивор зулукдай қоп-қора эди. Далада тизгинини бўйнига ташлаб қўярдилар, бир қадам нари кетмай ёнларида юрар, тўхтасалар, кўзларига термулганча қотиб тураверарди...
Ўша куни бомдодга яқин отам дунёдан ўтдилар-у, от безовталана бошлади, зорли кишнашларига, тинимсиз дупур-дупурига тоқат қилиб бўлмасди. Муродилла акамнинг гаплари билан чилвирдан бўшатиб, дарвозахонага олиб чиқдим, аммо боғлагим келмади. Жонивор ўша ерда ярим кун бошини кўтармай турди, ҳеч нарса емадиям. Жаноза ўқилиб, тобут кўтарилганда олд оёқлари билан чўккалаб олди. Бадани титраб, иккала кўзидан шаррос ёш қуйиларди. Тоғам, акам – ҳаммамиз «дод» деб юбордик. Издиҳом елкасидаги тобут отнинг олдига қўйилди...
Овози титрай бошлаган Мирзаабдулла ака бир ютиниб олиб, давом этди:
– Ҳозир сизга айтиб беришга сўз тополмайман, ука. От жонивор кишнамасди, худди инсондай ўкраб-ўкраб йиғларди. Қабристонга ҳам тобутнинг ёнгинасида одамлардай одим ташлаб борди, туёқларидан «тиқ» этган товуш чиқаргани йўқ. Тупроқ тортилиб бўлингач ҳам, чўккалаб олган от бошини кўтармай тураверди.
Менга чопон топилмай, отамнинг бир-икки бор кийилган тўнларини беришганди. Ҳўнграганча отнинг бўйнидан қучоқладим. У таниш ҳидни олиб, ўрнидан турди.
Мотамсаро отнинг ўша кунги ҳолини ўнгимда кўрганимга баъзан ўзим ҳам ишонмай қоламан. Лекин бу воқеага бутун қишлоқ, таъзияга келганларнинг бари гувоҳ бўлганди.
Рустамжон Умматов.