Ибратли воқеа: Саодатли интиҳо ёхуд ҳавас йиғиси

Ҳикоя бугунги кунимизда, Тошкет шаҳридаги шифохоналардан бирида бўлиб ўтган.

Иттифоқо, шифохонага даволаниш учун келган икки киши бир хонага жойлашибди. Улардан бири ёши ўтиб қолган рус миллатига мансуб киши, иккинчиси ўзбек йигити.

Икки бемор бир хонада даволана бошлаганлар. Орадан бир муддат ўтгандан сўнг рус киши ўзбек йигитдан:

- Нима учун сени кўргани жуда кўп одамлар келишяпти, - деб сўрабди.

- Биз мусулмонмиз. Динимиз беморларни зиёрат қилишга, улардан ҳол сўрашга чақирган ва бу иш учун савоб берилиши ёзилган, - дебди йигит.

- Менимча, бошқа мусулмон беморлардан кўра сенинг ҳузурингга зиёратчилар кўпроқ келяпти, - дебди рус бемор.

- Менинг диний илмим бор, шогирдларим ҳам келишяпти, - дебди йигит.

Шу суҳбатдан кейин уларнинг орасида савол-жавоблар, сўраб-суриштиришлар бўлиб турибди. Рус бемор ўзини қизиқтирган саволларга қониқарли жавоблар олибди. Ўзбек йигити унга Ислом дини ҳақида билганларини айтиб берибди.

Кўп ўтмай, рус бемор мусулмон бўлиш истагини билдирибди. Аллоҳ таоло унга шаҳодат калималарини нутқ қилиб, мўмин-мусулмон бандалардан бўлиш бахтини ато этибди.

Фурсати етганда намоз ўқишга тайёргарлик кўрилибди. Йигит рус кишига керакли маълумот ва таълимотларни тақдим қилибди. Таҳоратлар олиниб, жойнамозлар солинибди.

Улар намоз ўқиб бошлашибди. Такбири таҳрима айтилиб, қулоқ қоқилибди. Қироат қилиниб, рукуъга, сўнгра саждага кетилибди. Имом саждадан кейинги ракъатга турибди. Аммо рус киши турмабди. Йигит намозини шошиб ўқиб қараса, рус киши жон таслим қилган экан...

Бу ҳикояни бизга айтиб бераётган ибодати, тақвоси билан танилган инсон "жон таслим қилган экан" деган иборани айтиши билан кўзидан дув-дув ёш тўкиб, йиғлаб юборди. Бу йиғи оддий йиғи эмас эди. Бу йиғи йиғиларнинг ичида тенги йўқ йиғи эди. Бу йиғи ҳавас йиғиси эди. Ҳа, бу ота-бобосидан тортиб, мустаҳкам эътиқодли, бардавом ибодатли сулола фарзанднинг янги мусулмон бўлган, Роббига биринчи сажда қилиш жараёнида жон таслим қилган саодатманд инсонга ҳавас қилиб йиғлаши эди.

У ўша умридаги биринчи саждаси пайтида Роббига  жон таслим қилган, абадий саодатга аниқ ишонган кекса ёшдаги янги дин қардошига ҳавас қилиб йиғлаётган эди.

Ҳа, Ислом ана шундай ажойиб дин. Инсонларга икки дунё саодатини тақдим қиладиган дин.  Фақат инсонларнинг ўзлари бу диндан бехабар қолиб, бахтидан мосуво бўладилар, холос. Юқорида келтирилган ҳикоя уни айтиб берган кишининг йиғиси билан қўшилиб, менда катта таассурот қолдирган биринчи ҳикоя эди.

Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф.