Ибратли воқеа: Сингил ва рафиқа
- Ким бўпти у синглимга қўл кўтарадиган?! Ҳали кўрсатиб қўяман, - жаҳл отига минган ака синглисининг кўкариб кетган қовоқларига қараб бадтар тутоқди. Сўнг шарт ўрнидан турди.
- Қўйинг... - йиғлашда давом этарди сингил. - Эримнинг ўзи жаҳли тез... - Ҳозир ундан зорланиб турган аёл эрининг тарафини олди, - ҳализамон кечирим сўраб келади.
- Қилғилиқни қиб қўйиб, кечиримини пишириб есин! Мен синглимни хўрлатиб қўймайман. Башарасига бир мушт тушириб, сўнг узр сўраганим бўлсин!
- Ундай қилманг, - сингил мўлтираб келинойисига қаради.
- Дадаси... - тилга кирди аёли ҳам, - оилада
бўлиб туради...
- Сен аралашма!
- Ахир... - аёл ерга боққанча оҳиста сўзлади, - менинг акаларим тўполон қилгани йўқ-ку...
Эркак беихтиёр аёлининг яноғига қаради. Ҳалиям қизариб тургандек туюлди. Ўтган ҳафта мастлигида «бунча кўп ичдингиз?» деб зорланган аёлини қаттиқроқ туртиб юборганини эслади.
Кўзини яшириш учун деразадан ташқарига боқди.
Келинойисининг шамасини тушунган сингил ҳам аста тугунини кўтарди-да, уялганча хонадан чиқиб кетди.
Нодирабегим Иброҳимова.