Ибратли воқеа: Устун
Сочимни олдириб келдим. Тап-тақир бошимга разм солиб, отам хўрсинди.
– Кетяпман, дегин.
– Кетяпман, ота.
– Қаергалиги маълум бўлдими?
– Маълум. Афғонга дейишяпти. Яна... ким билсин?
– Совуқ хабарнинг ёлғони бўлмайди. Демак, урушга кетяпсан...
Отам бошини сарак-сарак қилди. Оғир уҳ тортди – ўпка-жигари узилиб кетгандай иҳради: «Ҳой бола-я, ҳой бола...». Ичидан бир иҳроқ отилиб чиқди. Устунга суяниб, менга тош қотиб термулиб турди-да:
– Отамни уруш ўлдирганини биласан-а, – деди. – Уч ёшимда етим қолдим. Отам мени етим қилди. Лекин, лекин сен мени етим қилма, болам... - дея отам ўпкаси тўлиб ўкириб йиғлаб юборди...
Оёқ-қўлим бўшашиб, силлам қуриб супага ўтириб қолдим. Назаримда, шу устун бўлмаганда отам қулаб тушарди. Ўша пайт шу устун отамнинг бошидаги осмонни ҳам суяб турарди гўё...
Мен урушга кетдим. Ўт-олов ичида саргардон кезган пайтларимда қулоқларим остида ўша ялинч жаранглаб турди: «...Сен мени етим қилма, болам!..». Госпиталда тиғ остида ётганимда ўша илтижо жаранглади: «Сен мени етим қилма, болам...».
Даҳшатли жанглар олдидан Парвардигорга ялиндим: «Эй, худо, ўзинг асра, мен ўлмайин, отам етим қолмасин...».
Мен қайтдим. Мен бир урушни кўрдим, отам мен ва отаси туфайли икки урушни кўрди. Тўғри, урушнинг катта-кичиги бўлмайди. Фақат бир нарса таскин беради: «Менинг урушим» отамни етим қилмади.
Худога шукр, отажоним ҳаёт! Умри узоқ бўлсин, саксон ёшга қараб кетди.
Ҳовлимиз ўртасида ўша устун ҳали ҳам турибди. Яқинда мен уйимизни таъмирладим. Устун атрофини тўртбурчак қилиб одам бели баробарида мармар девор билан ўрадим. Чунки устунни ағдариб ташлашга журъатим етмади... У устун оғир кунда отамни суяган эди... Мен отамга устун бўлолмаган кезлар шу устун отамга суянч бўлган.