Ички ишлар органлари ва фуқаро муносабатлари
Бу ҳақда билишимиз лозим бўлган муҳим жиҳатлар бор.
Ички ишлар ходими фуқаро билан мулоқотида ўзини таништириши шарт
Ички ишлар ходими фуқарога мурожаат қилганда ўз лавозимини, унвонини, фамилиясини, исмини, отасининг исмини айтиши, фуқаронинг талабига кўра хизмат гувоҳномасини кўрсатиши, шундан сўнг мурожаат қилишининг сабаби ва мақсадини маълум қилиши шарт.
Ўз навбатида фуқароларни қийноқларга солиши, уларга зўравонлик қилиши, бошқа шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситадиган тарзда муомалада бўлиш тақиқланади.
Фуқарога унинг ҳуқуқ ва эркинликларини чекловчи чоралар қўлланилганда (масалан, ушлаб турилганда, жаримага тортилганда), бундай чоралар қўлланилишининг сабабини ҳамда асосларини, шунингдек фуқаронинг шу муносабат билан юзага келадиган ҳуқуқлари ва мажбуриятларини унга тушунтириши шарт.
Шунингдек, фуқаро ички ишлар ходимига мурожаат қилганида, ходим ўз лавозимини, унвонини, фамилиясини, исмини, отасининг исмини айтиши, уни диққат билан эшитиши, тегишли чора кўриши ёки масалани ҳал этиш кимнинг ваколатига киришини тушунтириши шарт.
Суд қарорисиз ушлаб туриш 48 соатдан ошмаслиги лозим
Ички ишлар органлари айрим шахсларни қуйидаги ҳолатларда фуқароларни 48 соатгача ушлаб туриши мумкин:
– жиноят қилганликда гумон қилинаётган шахсларни;
– қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган шахсларни;
– қидирувдаги шахсларни;
– ўзига нисбатан ушлаб бериш тўғрисида сўров келиб тушган шахсларни;
– маъмурий қамоқни ўташдан, маъмурий чиқариб юборилишдан (депортдан) бўйин товлаётган шахсларни;
– жиноий жазони ўташдан, ўзига суд томонидан тайинланган тиббий ва бошқа мажбурлов чораларини бажаришдан бўйин товлаётган шахсларни;
– аниқ яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни (кейинчалик улар яшаш жойига эга бўлмаганларни реабилитация қилиш марказларига суд ажримига асосан жойлаштирилади);
– фавқулодда ҳолат ёки фавқулодда вазият режимини бузган шахсларни;
– армияга боришдан бўйин товлаётган шахсларни;
– қўриқланадиган объектларга ноқонуний кирган ёки киришга уринган шахсларни;
– ўзини ўзи ўлдиришга уринган ёхуд руҳий ҳолатининг яққол ифодаланган бузилиши белгиларига эга бўлган ҳамда ҳаракатлари билан ўзи ва атрофдагилар учун хавф туғдираётган шахсларни.
Ушбу шахсларни 48 соатдан ортиқ ушлаб туриш учун суд қарори билангина амалга оширилади.
Ушлаб туриш муддати шахс амалда ушланган пайтдан яъни эркин ҳаракатланишга бўлган ҳуқуқларнинг ҳақиқий чекланган пайтидан бошлаб ҳисобланади.
Ушлаб турилган шахс телефонда гаплашиши мумкин
Ушлаб турилган шахс телефонда гаплашиб яқин қариндошлари ёки адвокатига ушлаб турилганлиги ва турган жойи ҳақида хабар бериш ҳуқуқига эга.
Ушлаб турилган шахслар, уларнинг ёнидаги ашёлар ва ҳужжатлар, шунингдек уларнинг транспорт воситалари қонунчиликда белгиланган тартибда кўрикдан ўтказилиши мумкин.
Вояга етмаганлар ушлаб турилганда унинг яқин қариндошларига ёки бошқа қонуний вакилларига ЗУДЛИК БИЛАН хабар берилиши керак.
Ички ишлар ходими фуқароларнинг транспортидан уларнинг рухсатисиз фойдаланиши мумкин
Ички ишлар ходимлари қуйидаги мақсадларда фуқароларнинг ёки ташкилотларнинг транспортларидан мажбурий тартибда фойдаланиши мумкин:
– табиий офат юз берган жойга бориш;
– шошилинч тиббий ёрдамга муҳтож фуқароларни тиббий муассасаларга олиб бориш;
– жиноят содир этган шахсларни таъқиб қилиш ва ички ишлар органларига олиб келиш;
– ҳодиса жойига ёки жанговар тревога жойига бориш учун.
Ушбу ҳолатларда ҳайдовчилар ички ишлар ходими талабига бўйсуниши шарт ва ходимдан уни идентификацияловчи ҳужжатни талаб қилиши керак.
Мазкур ҳужжат асосида ҳайдовчига етказилган зарар қоплаб берилади.
Ички ишлар ходимлари тиббий тез ёрдам, ёнғин учириш, конвой, инкассатор, дипломатик, консуллик ваколатхоналар, халқаро ташкилотларга тегишли транспортлардан мажбурий фойдаланиши мумкин эмас.
Ички ишлар ходими жисмоний куч ишлатиши мумкинми?
Ҳа, мумкин, фақат чекланган ҳолатларда.
Ички ишлар ходими куч ишлатмасдан ўз мажбуриятларини бажарилишини таъминлай олмаса, қуйидаги ҳолларда жисмоний куч ишлатиш, курашнинг жанг усулларини қўллаш мумкин:
- жиноятларга ва маъмурий ҳуқуқбузарликларга чек қўйиш учун;
- жиноят ёки маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этганларни энг яқиндаги ички ишлар органига ёхуд ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органга олиб бориш ва бу шахсларни ушлаб туриш учун;
- ички ишлар ходимининг қонуний талабларига қаршилик кўрсатилишини бартараф этиш учун.
Лекин айрим шахсларга нисбатан мутлақо куч ишлатиш мумкин эмас
Қуйидаги шахсларга куч ишлатиш мумкин эмас:
– ҳомиладорлиги сезилиб турган аёлларга;
– ногиронлик белгилари кўриниб турган шахсларга;
- ёши аниқ кўриниб турган ёки маълум бўлган вояга етмаганларга.
Агар мазкур шахслар қурол билан қаршилик кўрсатса ва бу фуқароларнинг ёхуд ички ишлар ходимининг ҳаёти ва соғлиғига таҳдид этиб, ҳужум қилса, уларга ҳам куч ишлатилади.
***
Ушбу видеолавҳа ва мақола халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди гранти лойиҳаси асосида тайёрланди.