Самарқанд вилояти ИИБ: "Инсон бахти учун камарбастамиз!"

Инсон дунёга келибдики, бахтли бўлишга ҳақли. Бунда албатта, аввало, у яшаётган жамиятда тинчлик-осойишталик таъминлангани муҳим аҳамиятга эга. Шу маънода айтиш мумкинки, истиқлолимизнинг илк даврида ташкил топган ички ишлар органлари айни шу йўлда хизмат олиб бораётган муҳим тузилмалардан бири.

Кейинги беш йилда тизимда кенг кўламли ва пухта ўйланган ислоҳотлар амалга оширилиб, жиноятчиликни жиловлаш, аҳолининг муаммоларини тезкорлик билан ҳал этиш, халқнинг ичига кириб ишлаш ҳамда ички ишлар органлари ходимларининг хизмат фаолиятини ва ижтимоий турмуш тарзини яхшилаш борасида муҳим ислоҳотлар амалга оширилди.

Жумладан, ушбу йўналишда биринчи навбатда марказий аппаратдаги шахсий таркибнинг 85 фоизи бевосита аҳоли яшаш пунктларига, яъни қуйи тизимларга туширилди. Тизимдаги барча таркибий ва ҳудудий бўлинмалар, жумладан, профилактика, жиноят қидирув, тергов, йўл-патруль ва патруль-пост хизматлари, эксперт-криминалистика ва паспорт бўлинмалари мутлақо янгича мезонлар асосида қайта шакллантирилгани, ходимлар хизмат фаолиятига хос бўлмаган кўплаб ишлардан озод этилгани соҳада иш самарадорлигини оширишда муҳим омил бўлмоқда.

Аҳолининг ички ишлар органларидаги вакили

Шунингдек, жиноятчиликни “маҳаллабай” жиловлаш борасида жамоат ташкилотлари билан яқиндан ҳамкорлик йўлга қўйилди. Бу борада ҳар бир маҳалла учун биттадан профилактика инспекторлари ажратилиб, уларнинг сони 62,4 фоизга кўпайтирилди. Бундан ташқари, профилактика инспекторлари учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида 697 та хизмат уйлари қуриб берилди ҳамда 733 та автомашина харид қилиш учун узоқ муддатли, имтиёзли кредитлар ажратилди. Барча профилактика инспекторлари махсус жиҳозланган хизмат сумкалари ва махсус дастурлар ўрнатилган 1096 та планшет ва симкарталар билан таъминланди.

Маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича электрон иш юритувни ҳамда маъмурий ишлар бўйича суд мажлисларини “масофавий” (онлайн) шаклда ўтказиш учун 210 та марказий таянч пунктига оптик толали интернет тармоғи уланди.

Профилактика инспекторига масофадан туриб мурожаат юбориш ва уни кўриб чиқиш жараёнини кузатиб бориш, аҳоли билан ўзаро тезкор мулоқотни йўлга қўйиш, профилактика инспекторлари ва фаолиятига баҳо бериш имконини берувчи «Смарт маҳалла» ахборот дастури амалиётга жорий этилди.

Бу орқали маҳалладаги муаммоларни аниқлашда фуқароларнинг фаоллиги оширилди ҳамда муаммоларни ҳал этиш бўйича тезкорлик билан муносабат билдириш, ҳал этиш чоралари кўрилмоқда.

Президентимизнинг таъбири билан айтганда, профилактика инспектори маҳалласида ички ишлар органларининг вакили эмас, балки аҳолининг ички ишлар органларидаги вакили сифатида хизмат олиб бориши йўлга қўйилди.

Замонавий восита ва техника ёрдамида хизмат қилади

Ички ишлар органлари, айниқса профилактика, жиноят қидирув, тергов, йўл-патруль ва патруль-пост хизмати ҳамда эксперт-криминалистика бўлинмаларини замонавий техника, ахборот коммуникация тизимлари ва махсус воситалар билан таъминланишига катта аҳамият қаратиб келинмоқда.

Жамоат хавфсизлигини таъминлашда “инсон омили”ни истисно этган ҳолда таъминлаш учун ички ишлар органлари тизими сўнгги замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан таъминланяпти.

Хусусан, вилоят ички ишлар бошқармасида “Вазиятлар маркази” ташкил этилиб, 183 та объектга ўрнатилган 1 489 та замонавий рақамли видеокузатув мосламалари билан интеграция қилинди.

Самарқанд шаҳрининг геоинфармацион харитаси яратилиб, 107 мингта ижтимоий соҳа объектлари ва аҳоли яшаш хонадонлари тўғрисидаги маълумотлар киритилди ва "Вазиятлар маркази"га интеграция қилинди.

Йўл-патруль ходимлари 314 та “бодикамера”, 18 та алкотестер ва 285 та ҳуқуқбузарликни қайд этувчи планшетлар билан таъминланди.

Шунингдек, Самарқанд шаҳри ва Ургут тумани тергов бўлимларида махсус хоналар ташкил қилиниб, замонавий кузатув камералари, стенография, аудио-видео қайд этиш тизимлари билан тўлиқ жиҳозланди.

Давлат дастури ижроси амалда

Ушбу йўналишда берилган вазифалар асосида вояга етмаганлар ва ёшларни ватанпарварлик, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, ўсиб келаётган ёш авлодни терроризм, диний экстремизм, зўравонлик ва шафқатсизлик ғояларидан ҳимоя қилиш мақсадида  вояга етмаганлар билан ишлаш бўйича 130 та инспектор-психолог лавозими ташкил этилди.

Шунингдек, уюшмаган ва ишсиз йигит-қизларни жамиятга муносиб инсон сифатида тарбиялаш ҳамда иш билан таъминлаш мақсадида жорий йилнинг ўтган даврида 118 нафар ёшлар ички ишлар органларига қабул қилинди.

Бундан ташқари, тизимда хотин-қизлар масалалари бўйича 29 нафар инспектор лавозими жорий этилди. Улар ҳар бир маҳаллада фуқаролар йиғинлари раисларининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосарлари билан ҳамкорликда опа-сингилларимизнинг маслаҳатчиси, ҳимоячиси ва кўмакдошига айланмоқда.

Ҳозирги вақтда Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармасида камида 3 та хорижий тилни биладиган, тарих, этнография ва санъат соҳасида чуқур маълумотга эга ўғил-қизларимиз хизмат вазифаларини адо этмоқда.

Хизмат учун муносиб шароит

Тизимдаги ислоҳотлар жараёнида халқни рози қилиш, маҳаллаларни жиноятчиликдан холи ҳудудга айлантириш – ҳар бир ходимнинг кундалик фаолиятига айланди. Давлатимиз раҳбари томонидан ички ишлар органлари олдига масъулиятли вазифалар белгилаб бериш билан бирга, тизимда ходимлар учун қулай хизмат шароитларини яратиб беришга катта эътибор қаратилди.

Жумладан, 9 та янги маъмурий бино қурилиб, 13 таси капитал таъмирланди. Бундан ташқари, ички ишлар органларини бевосита халққа яқинлаштириш учун янги вазифаларни ўз олдига мақсад қилган янги 12 та ички ишлар бўлим ва бўлинмалари ташкил этилди.

Натижада ИИБлари сони 15 тадан 27 тага кўпайди. Мисол учун, Самарқанд шаҳри, Иштихон, Оқдарё, Паст Дарғом, Ургут ва Қўшработ туманларида 1 тадан, Нуробод,  Самарқанд ва Каттақўрғон туманларида 2 тадан ИИБ ташкил қилинди.

Умуман, соҳада шахсий таркибни ижтимоий ҳимоя қилиш, уларнинг яшаш ва хизмат шароитларини яхшилаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор берилмоқда. Жумладан, кейинги беш йилда 18 та хизмат уйлари қурилиб, уй-жойга эҳтиёжи бўлган ва хизматда алоҳида ўрнак кўрсатган ходимларнинг оилаларига топширилди. Бундан ташқари, 2018-2020 йилларда соҳа ходимлари учун имтиёзли ипотека кредити асосида 180 та арзон квартиралар ажратилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 26 февралдаги “Ички ишлар органлари ходимлари ва уларнинг оила-аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилишни янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан 265 нафар ходимнинг 287 нафар фарзандларига таълим муассасаларига ўқишга кириши учун имтиёз берилди.

Шахсий таркибнинг яшаш шароитларини яхшилаш мақсадида ижарада яшаб келаётган 115 нафар ходимга ижара пуллари тўлаб берилмоқда.

Бир сўз билан айтганда, янги Ўзбекистон даврида ички ишлар органларининг моддий-техника базаси янгиланди, ходимларнинг хизмат шароити замон талабига мос равишда шакллантирилди, ойлик маош яхшиланди.

Фурсатдан фойдаланиб, офицерлар, сержант ва сафдорлар, тизим фахрийларини касб байрами ҳамда Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органлари ташкил этилганининг 30 йиллиги билан чин қалбимдан муборакбод этаман.

Фахриддин Раҳматов,

вилоят ИИБ бошлиғи ўринбосари, полковник.