Идоралараро ишчи гуруҳ Самарқандда иш бошлади

Аҳоли муаммоларини ўрганиш ва уларга ечим топиш, ҳудудларда криминоген вазият барқарорлигини таъминлаш мақсадида Миллий гвардия қўмондони, генерал-майор Р.Жўраев бошчилигида тузилган идоралараро ишчи гуруҳ 6 март кунидан Самарқанд вилоятида ўз фаолиятини бошлади.

Дастлаб, Миллий гвардия қўмондони Р.Жўраев ҳамда вилоят ҳокими Э.Турдимов раислигида видеоселектор тарзидаги йиғилиш бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Ички ишлар ва Адлия вазирликлари, Бош прокуратура, унинг ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти, Солиқ қўмитаси раҳбар ва масъул ходимлари, шунингдек, вилоят сектор раҳбарлари, Миллий гвардиянинг соҳавий хизматлари ҳамда бошқа мутасадди идоралар масъуллари иштирок этди.
Йиғилишда аҳолининг муаммоларини ўрганиш ва уларни бартараф этишда ишчи гуруҳга вилоятнинг барча мутасадди раҳбарлари яқиндан ёрдам кўрсатиши, аниқланган муаммоларни ҳал қилишга қаратилган асосли таклифларини тезкор штабга тақдим этиб бориш юзасидан вазифалар белгилаб берилди.

Миллий гвардия қўмондони вилоят ҳокими билан биргаликда жойларга чиқиб, аҳоли бандлигини таъминлаш учун кўрилаётган чоралар, тадбиркорлар учун яратилган шароитлар, IT йўналишида ёшларга эътибор ва бошқа масалаларни ўрганди. Шунингдек, маҳаллалардаги “бешлик”нинг аҳоли мурожаатлари билан ишлаш борасидаги фаолияти ўрганилди.

Ишчи гуруҳнинг ўрганишларида вилоят аҳолисининг ижтимоий-маиший муаммоларини аниқлаш, бартараф этиш, соғлиқни сақлаш, жамоат тартиби ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ҳамда криминоген вазиятни янада барқарорлаштириш, шунингдек аҳоли бандлиги ва тадбиркорлар учун яратилган шароитлар каби долзарб масалаларга эътибор қаратилмоқда.

Ғ.ҲАСАНОВ,
А.ИСРОИЛОВ (сурат).