Одамларни рози қилиш учун иш маҳаллабай тизимда жорий қилинади

Бугунги кунда барча даражадаги раҳбарларга ўз соҳаси бўйича маҳаллалардаги ҳолатни ўрганиш, ишни шу асосда ташкил қилиш, ўз навбатида, барча органлар фаолиятини ўзаро мувофиқ йўлга қўйиш талаби қўйилмоқда. Самарқанд вилояти ҳокимлигида ташкил қилинган навбатдаги фаоллар йиғилишида бу борадаги режа ва вазифалар белгилаб олинди.

Йиғилишда бошқарув органлари олдига қўйилган талабни бажариш, одамларни бугунги турмушидан рози қилиш бўйича ишларни амалга ошириш Ургут туманида Сойғўс маҳалласидан бошланиши қайд қилинди.

- Ургутдаги иш қайсидир маънода мастер-класс, яъни фаолиятни ташкил қилишда дастлабки амалиёт вазифасини бажаради, - деди Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири ўринбосари Б.Парпиев. - Аввало, бир неча йўналишда ишчи гуруҳлар ташкил этилади. Улар кимлардан иборат бўлади ва нима ишларни амалга оширади, деган савол туғилиши табиий. Бунда биринчи навбатда, маҳалладаги умумий аҳвол ўрганилади. Халқ қабулхонасида рўйхатга олинган мурожаатлар асосида одамлар нималардан норози эканлигига аниқлик киритилади.

Шунингдек, катта эътибор қаратиладиган масалалардан бири – бу “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилганларни доимий даромад манбаи билан таъминлаш бўлади.

100 минг ишсизга иш борми?

Вилоят бандлик бош бошқармаси бошлиғи И.Жабборов 100 минг нафардан зиёд ишсизлар рўйхатга киритилганини қайд этди.

- Бугунги кунда вилоятдаги корхона ва ташкилотларда 7 мингдан кўпроқ бўш иш ўрни мавжуд, - дейди И.Жабборов. – Демак, шунча одамнинг бандлигини таъминлаш имконига эгамиз.

Бундан ташқари, маҳалла фуқаролар йиғини орқали бандлиги таъминланмаган фуқароларни жамоат ишларига жалб қилиш ҳам самара бериши, шубҳасиз. Негаки, айни пайтда мазкур юмуш учун ойига 1 миллион 300 минг сўм ҳақ тўланади.

Шунингдек, тадбиркорликка иштиёқманд, қўлида муайян касби ёки ҳунари бор, аммо имкони етмаётган ишсиз ва камбағал фуқароларга 32 турдаги воситалар бепул берилади.

- Камбағалликни қисқартириш борасида асосий масала маҳалланинг «ўсиш нуқтаси»ни аниқлашга қаратилишини унутмаслик керак, - деди вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Ж.Ўроқов. – Бу биринчидан, “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойилини рўёбга чиқариб, одамларни иш билан таъминлашга, қолаверса, шу орқали ҳудудни ривожлантиришга хизмат қилади.

Шунинг учун камбағал ёки бандлиги таъминланмаган фуқароларга кредит асосида иссиқхона қуриб бериш, чорва моллари ва парранда бериш, имконияти ва кўникмаси ўрганилиши, ишсиз, аммо муайян кўникмаси йўқ фуқароларга бевосита тумандаги касбга ўқитиш марказига йўлланма бериб, тегишли машғулотларга жалб қилиш керак.

Ўз навбатида, янги иш ўринлари очиш, фаолият турини кенгайтириш мақсадида тадбиркорлар учун ҳам махсус ўқувлар ташкил қилинади.

Таъкидланганидек, маҳаллабай ўрганиш давомида ҳудудларни ободонлаштириш, ҳар бир хонадонда тандир-ўчоқдан тортиб, санитар-гигиена шароитларини яратишгача бўлган масалаларга эътибор қаратилади.

Коммунал соҳага алоҳида топшириқ

- Тиббий хизмат бўйича алоҳида гуруҳ иш олиб боради, - деди Б.Парпиев. – Бунда нафақат патронаж ишлари амалга оширилади, балки “Соғлом авлод учун” нодавлат нотижорат ташкилотини жалб қилиб, эҳтиёжманд фуқароларга бепул дори-дармон берилиши ҳам йўлга қўйилиши керак.

Коммунал хизмат идоралари, жумладан, электр ва газ таъминоти корхоналарига алоҳида топшириқ бўлади. Чунки бугунги қорли-қировли кунларда улар кўрсатаётган хизмат сифати аҳолининг турмуш тарзи ва кайфиятида муҳим аҳамиятга эга. Шу боис вилоят даражасида имкони бўлмаган муаммоларни биргаликда республика идоралари билан ҳал қилиш чораларини кўрамиз.

Таъкидланганидек, ишчи гуруҳ борган маҳалладаги ўзгаришларни, турмуш тарзидаги енгилликни одамлар ҳис қилиши керак. Мактаб ва мактабгача таълим муассасаларигача бўлган кўча четида пиёдалар йўлаклари ташкил қилинади. Хонадонлардаги мавжуд шароитларни яхшилаш учун санитария-эпидемиология, фавқулодда вазиятлар идораларининг мутахассислари тегишли хулосаларни беради.

Мазкур хулосалар асосида зарур чора-тадбирлар амалга оширилади.

Маблағ масаласи муаммо эмасми?

Йиғилишда жойларда ободончилик, одамлар турмуш тарзини яхшилаш учун амалга ошириладиган кенг кўламли ишлар муайян маблағ ва вақт талаб қилиши ҳам тилга олинди.

Таъкидланганидек, муаммоларни ҳал этишни пайсалга солган мутасаддиларга нисбатан кескин чоралар кўрилади. Фуқароларнинг камчиликларини ҳал қилиш учун «Саховат ва кўмак», Бандлик, хотин-қизлар, «Маҳалла» жамғармалари маблағларидан фойдаланилади, халқаро грант ва субсидиялар жалб қилинади.

Ёқубжон Марқаев.