Ярим аср давомида пишириб келинадиган “абадий” шўрва

Бутун дунё бўйлаб одамларни ажаблантирадиган кўплаб таомхоналар мавжуд. Ошпазларнинг профессионаллиги ва хизмат кўрсатишнинг юқори сифати туфайли уларнинг баъзилари пазандалик оламидаги энг нуфузли мукофотлардан бири – Мишлен гилдияси юлдузига сазовор бўлади.

Агар сиз Таиланддаги ана шундай машҳур юлдузни олишга муваффақ бўлган кичик кафега қарасангиз, нега гилдия уларга бу юлдузни берганини дарҳол тушунолмайсиз. Деярли ярим аср давомида тинимсиз тайёрланиб келадиган таом тан олинди – чунки у ҳали ҳам илгаридагидек мазали!

Бангкок кўчаларининг биридаги оддийгина, кўримсиз “Wattana Panich” кафеси 60 йилдан ортиқ вақт давомида фаолият юритиб келади. Ўшанда ҳозирги эгаси Наттапонга Кавинунтавонинг бобоси кичкина икки қаватли бинони сотиб олиб, кафе очган эди.

У ўз кафеси учун ҳозирги кунда дунёга машҳур ўлчамлари ҳақиқатан ҳам ҳайратланарли, ҳидлари бутун кўча бўйлаб тарқалиб турадиган рестораннинг асосий таоми тайёрланадиган қозонни сотиб олган.

Ўзига хос таом ҳақида гапирадиган бўлсак, уни ҳар ким турлича таснифлайди. Кўпинча уни шўрвага йўйишади, баъзилар ёвғон шўрва деса, бошқалар жаркопга қиёслайди. Бунинг сабаби шундаки, унда қуюқ бульон тайёрлаш учун ишлатиладиган жуда кўп гўшт бор.

Ҳозирги эгасининг сўзларига кўра, улар ҳар куни ўнлаб Осиё зираворлари қўшилган 70 килограммга яқин юқори сифатли мол гўштидан таом тайёрлашади. Саримсоқ, долчин, қалампир ва кашнич қўшилиши билан гўшт ниҳоятда юмшоқ, бульон эса фойдали ва тўйимли бўлади.

“Wattana Panich” шўрвасидаги айнан ана шу бульон уни абадий қилади ва бунинг сабаби  шундаки, овқат қолдиқлари ташлаб юборилмайди, ошпазлар уни алоҳида идишга олиб қўйиб, қозонни ювишади, сўнгра шўрва тоза қозонга қуйиб юборилиб, янги маҳсулотлар қўшилади.

1974 йилда бошланган бу амалиёт роппа-роса ярим асрдан бери ўзгаришсиз давом этмоқда. Шу тарзда  шўрва техник жиҳатдан биринчи эгаси томонидан тайёрланган таомнинг баъзи микроскопик зарраларини ўз ичига олади, дейишади мутахассислар.

Муҳими, таом чинакам мазали, уни татиб кўриш учун бу ерга нафақат сайёҳлар келишади, балки кафенинг ўзига хослигидан бохабар маҳаллий меҳмонлари ҳам кўп. Уларнинг кўпчилиги кичкиналигида бу ерга келган, ҳозир эса болалари ва ҳатто невараларини ҳам олиб келишади.

Яқинда, абадий шўрва феномени машҳур Мишлен гилдияси назарига тушди. Маълум бўлишича, 2018 йилда сиртдан “Wattana Panich”га келган мутахассиснинг таомга берган баҳоси муассасага дунёдаги кўплаб ошпазлар ва рестораторлар ошпазлик маҳорати ва сифати рамзи сифатида олишни орзу қиладиган Мишлен юлдузини олиш имконини берди.

Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.