ИИБ автоҳалокатга учраган қизнинг шахсини аниқлагани ҳақида хабар бермоқда
Кеча «Жомбой тонги» газетаси телеграм каналида эълон қилинган “ИИБнинг ўн кунлик “оғир” вазифасини шифокор ўн дақиқада уддалади!” сарлавҳали мақолани ўқидик. Хабарда келтирилган маълумотларга жавобан қуйидагиларни маълум қиламиз.
Ҳақиқатан ҳам жорий йилнинг 20 март куни тахминан соат 20:30 ларда Жомбой туман Қорамўйин МФЙ ҳудудидан ўтувчи “М-39” “Алмата-Тошкент-Термиз” автомобиль йўлининг 1064 километрида автоҳалокат содир бўлган. Ҳайдовчи Х.А. “Ласетти” русумли автомашинаси билан йўлнинг қатнов қисмидан ўтиб кетаётган пиёдани уриб юборган. Натижада пиёда турли даражадаги тан жароҳатлари билан Жомбой туман тиббиёт бирлашмасига ётқизилган.
Берилган маълумотномага асосан, унинг танасида қўшма жароҳат, ЁКЦТ, бош мия лати, пастки жағнинг синиши, чап умров суягининг ёпиқ синиши каби жароҳатлар мавжудлиги кўрсатилган.
Воқеа жойига Жомбой туман ИИБ ҳузуридаги ТБ терговчиси, катта лейтенант Э.Шамсиев, туман ИИБ ЭКГ эксперти Ғ.Дўстов, туман ИИБ ходимлари А.Бозоров ва М.Ҳусенов чиққан.
Олиб борилган терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида номаълум аёл жинсига мансуб шахс Ургут тумани Почвон қишлоғида яшовчи М.С. эканлиги аниқланган.
М.С. мулоқотга кириша олмаётганлиги сабабли бу ҳақда далолатнома расмийлаштирилган.
Ҳолат юзасидан М.С.нинг катта онасига тегишли бўлган телефон рақамига 25 март куни хабар берилган.
Ҳозирги вақтда терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Воҳид МУХТАРОВ,
туман ИИБ тергов бўлими бошлиғи, майор.