Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

ИИБ ходимига 5 минг АҚШ долларини пора тариқасида бермоқчи бўлган шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилди

30 июль куни вилоят ИИБ хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси тезкор ходимлари томонидан Тойлоқ тумани марказида тезкор тадбир ўтказилди.

Тадбир давомида 1990 йилда туғилган, Самарқанд шаҳар “Имом Восе” маҳалласида яшовчи Х.Д. чет давлатга кетиши ва авиачипта олиши учун керак бўладиган “COVID-19” вируси мавжуд эмаслиги тўғрисидаги тест таҳлилини сохталаштирган ҳолда 180 минг сўмга сотган вақтида далилий ашёлар билан ушланган.

Ҳолат юзасидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб бориш жараёнида фуқаро Х.Д. нинг укаси ҳолатни расмийлаштирмаслик ва ишни ижобий томонга ҳал қилиб бериш эвазига тезкор ходимга 5 минг АҚШ доллари миқдоридаги пулларни пора сифатида таклиф қилган.

Ходим ИИБ ходимига пул таклиф қилиш, Жиноят кодексининг 211-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, жавобгарликка тортилишига сабаб бўлиши тўғрисида огоҳлантиришига қарамай, фуқаро кейин келиб учрашишини айтиб чиқиб кетган. Ходим ҳолат юзасидан бошқарма бошлиғига билдирги билан мурожаат қилган.

Билдиргига асосан 31 июль куни ИИВ Ўз хавфсизлиги бошқармаси вилоят бўлими ҳамда Самарқанд шаҳар прокуратураси ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилиб, фуқаро И.Х. тезкор ходимга 5 минг АҚШ долларини пора тариқасида берган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати хабарига кўра, мазкур ҳолат бўйича Самарқанд шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.