ИИВ экстремистлардан огоҳ бўлишга чақирди
"Бугунги кунда турли террористик ва экстремистик ташкилотлар ўзларининг ақидапарастлик ғояларини фуқароларимиз ўртасида ёйишда интернет тармоғидан фаол фойдаланиб келмоқда.
Хусусан, аҳоли орасида “Абдуллоҳ Зуфар” номи билан танилган экстремистларнинг ғоявий раҳнамоларидан бири - Зофир Ғаффоров айнан шундай шахслардан бўлиб, унинг интернет тармоғидаги ноқонуний тарғибот фаолияти натижасида фуқароларимиз, айниқса, ёшлар орасида терроризм ва экстремизм билан боғлиқ жиноятчиликнинг ошишига, оилалар парокандалигига, ота-оналар ва фарзандлар ўртасидаги муносабатларда зиддиятларга, фарзандларимизни қуролли можаролар давом этаётган ҳудудларга чиқиб кетишларига асосий сабаб бўлмоқда.
Таъкидлаш жоизки, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг хулосаларига кўра “Абдуллоҳ Зуфар”нинг аксарият маърузалари Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузумини зўрлик билан ағдаришга хизмат қилувчи ва ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган бўлиб, уларни республикамиз ҳудудига олиб кириш, тайёрлаш, сақлаш ва тарқатиш тақиқланади.
Шу сабабли фуқароларни “Абдуллоҳ Зуфар”нинг диний маърузалари акс этган ҳар қандай кўринишдаги диний материалларни республикамиз ҳудудига олиб кириши, сақлаши (шу жумладан компьютер, ноутбук, телефон аппаратлари ва бошқа электрон маълумотларни сақлаш/ташиш қурилмаларида) ва тарқатиши (оғзаки, ёзма, электрон кўринишда ва ҳ.к.) Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 159, 244-1 ва 246-моддалари билан жиноий жавобгарликка ҳамда узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилишига сабаб бўлиши ҳақида огоҳлантиради.
“Абдуллоҳ Зуфар”га нисбатан республикамиз ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан халқаро қидирув эълон қилинган бўлиб, унинг ҳозирги кундаги аниқ манзили, алоқа воситалари, жиноий алоқалари ҳамда бошқа тергов учун аҳамиятли маълумотларни тақдим этган шахсларга, башарти уларнинг маълумотлари тасдиқланган тақдирда амалдаги қонунчиликка асосан мукофот пуллари тақдим этилади.
Агарда, юқоридаги маълумотларни тақдим этган шахсларнинг ўзлари қидирувда бўлса, уларни жиноий жавобгарлигини енгиллаштириш ва мамлакатимизга қайтариш чоралари кўриб чиқилади.
“Абдуллоҳ Зуфар” ҳақида маълумотларга эга шахслар Ички ишлар вазирлигининг 102 қисқа, (+998) 71 231-34-33 рақамларига ёки яқин атрофдаги ички ишлар органларига мурожаат қилишлари мумкин.
Маълумот тақдим этган шахсларнинг махфийлиги сир сақланишига кафолатланади", дейилган ИИВ хабар номасида.