"Ижод фақат ёзишгина эмас"

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, адабиётшунослик фанлари доктори, профессор Сайдулла Мирзаев ўз даврининг ўзига хос зиёлиси эди.
1946 йилда СамДУ филология факультетини битириб, умрининг охиригача шу дорилфунунда фаолият кўрсатди. Академиклар Иззат Султон (илмий раҳбари ҳам бўлган), Воҳид Абдулло, Акбар Отахўжаев назарига тушган. Ўз замонасининг етук олимлари - Ҳамдам Бердиёров, Ботурхон Валихўжаев, Ориф Икромов, Нуриддин Шукуров, Худойберди Дониёров, Бозорбой Ўринбоев билан бир сафда ва ҳамкорликда фаолият кўрсатди. "Менинг бахтим яхши одамларга шогирд тушганим ва яхши одамлар билан бақамти ишлаганимдир", деб ёзади домла ўз эсдаликларида.
С.Мирзаев 15 йил давомида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Самарқанд вилоят бўлимига жамоатчилик асосида раҳбарлик қилиш жараёнида Комил Яшин, Уйғун, Ғафур Ғулом, Зулфияхоним, Ҳамид Ғулом, Шукрулло, Пиримқул Қодиров, Одил Ёқубов каби ижодкорлар иштирокида жуда кўплаб самимий учрашувлар чоғида бадиий асарлар ҳақидаги таҳлиллари билан адабиёт тарғиботига муносиб ҳисса қўшган.
Сайдулла аканинг рус тилида Москвада чоп этилган "Узбекская литература ХХ века" дарслиги катта баҳо олганди.
Фидойи олим ёш иқтидорларга "Ижод фақат ёзишгина эмас, ижод қилиш учун катта қалбга, теран фикрга ва энг муҳими, ҳаётий хулосаларга эга бўлмоғи лозим", деб уқтирарди.
Домла ўз муомала маданияти билан нафақат ҳамкасблари, балки талабаларга ҳам ибрат бўлган. Ёш иқтидорларни қўллаб-қувватлаган. Шу сабабли 80 ёшида "Меҳнат шуҳрати" ордени билан тақдирланди.
Бугун С.Мирзаев туғилган кунга 95 йил тўлди. Вафот этганига 13 йил бўлса-да, давраларда у кишининг эзгу хислатлари ва яхши ишларини ҳамон ёдга олишади.
***
Суратларда: 1. Сайдулла Мирзаев Меҳнат Қаҳрамони Шамси ака Назаров билан (1975 йил).
2.Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, йирик адабиётшунос, истеъдодли драматург Иззат Султон билан (1970 йилларнинг боши).