Кимгадир тўғри йўлни кўрсатишдан, кимнингдир оғирини енгил қилишдан ҳаловат топган ижодкор

Ўзбек адабиёти, санъати ва матбуоти истиқлол йилларида янги поғонага кўтарилди. Илҳоми жўш урган талантли ижодкорлар эркинлик шабадасидан баҳра ола бошладилар. Озодлик руҳи ва озод фикр муҳити қалам соҳибларини турли жанрларда ижод намуналарини яратишга илҳомлантирди. Насрда, назмда, публицистика ва драматургияда халқнинг дилидаги гаплар тасвир этила бошланди. Бу борада юзлаб ижодкорлар қатори самарқандлик адиб, шоир ва журналист Фармон Тошевнинг ғайрат ва шижоати катта самара бераётир. Яқинда таниқли ёзувчининг тўрт жилдлик асарлари нашр этилганлиги фикримизнинг яққол далилидир.

Аввало, муаллифнинг таржимаи ҳоли хусусида қисқача тўхталиб ўтсак.

Фармон Тошев 1954 йилда Пахтачи туманидаги Қарнаб қишлоғида туғилган. Самарқанд давлат университетининг филология факультетини битирган. 2012 йилдан буён вилоят “Зарафшон” ҳамда “Самаркандский вестник” газеталари таҳририяти бош муҳаррири вазифасини адо этмоқда. Айни пайтда жамоат ишларида ҳам фаол. Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати аъзоси сифатида ижтимоий ҳаётда ташаббускорлик ва жонбозлик кўрсатиб келяпти.

”Меҳнат шуҳрати” (2003) ва “Эл-юрт ҳурмати”(2013) орденлари соҳиби, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист (2022). Муаллифнинг шу кунгача ўттиздан ортиқ турли жанрлардаги тўпламлари нашр этилган. Қисқаси, салкам эллик йилдан бери бадиий ижод ва матбуот соҳасида жавлон урмоқда. 

Адибнинг ҳаёти ва фаолиятига доир фикр юритишдан мақсад ёзувчи ва шоир ҳамиша қайноқ ҳаёт ичида бўлиши зарурлигини қайд этиш, асарлари ҳам замондошлар амалга ошираётган улкан бунёдкорлик ишларининг инъикоси эканлигини алоҳида таъкидлашдир. Сизга яхши аёнки, ҳаётни, бугунги турмуш ҳодисаларини чуқур ўрганган адибнинг ижоди ҳаққонийлигига ҳамда халқчиллигига эришилади.

Бу фикримизни Фармон Тошев “Сайланма”сининг биринчи жилдига киритилган қисса ва ҳикоялардан ҳам англаш қийин эмас. Айниқса, “Мезон” қиссасидаги тасвир табиийлиги сизни ром этади: ”Нигора вазиятни сал бўлса-да юмшатиш мақсадида кечаси яхши ухламаганлиги силқиб қолган қовоқларию киртайган кўзларидан сезилиб турган эрига бироз яқин келди. Асабийлашаётганлиги юз-кўзидан кўриниб турган эрига разм солиб, ичидан зил кетди. Бир кечада қарилик аломатлари билиниб қолганди. Ияги атрофидаги ажинлар, икки чаккасидаги сочлари, тикандек бўртиб қолган соқолидаги оқлар янада кўпайгандек. Гавдаси ҳам хиёл букчайиб, елкаси чиқиб қолгандай кўринди. Илгари эътибор қилмаган экан-а. Беихтиёр кўзига келган ёшни зимдан артиб, эрини кўролмаган ҳасадгўйларни ичида қарғади”. 

Асар бош қаҳрамони Шуҳрат Акрамович характерига хос жиҳатлар маҳорат билан тасвирланган. Ёзувчи образ моҳиятини ойдинлаштириш учун турли-туман тасвирий воситалардан усталик билан фойдаланган.

Ижодкорнинг “Йўл” қиссасида ҳам персонажларнинг хатти–ҳаракатлари ва диалоглар образлар моҳиятини ойдинлаштиришга йўналтирилган. Таниқли адиб Хуршид Дўстмуҳаммад ёзувчи ижодига хос жиҳатларни қуйидагича изоҳлаган: ”Бадиий тасвир услубларининг хилма-хиллиги ҳайратга солади кишини - бамисоли уларнинг бари китобхон халқининг дунёқараши, қизиқишлари, дид ва майлларининг хилма-хиллигига мутаносиб даражада яратилгандек. Адабиёт илми дунёсида мавжуд бўлган ҳар бир усул-услубнинг ўзига яраша таъриф-тавсифидан сўз очилса, асти қўяверасиз, гап, мулоҳаза, мунозара тугамайди. Таниқли адибимиз Фармон Тошев эса лўндасига кўчган-қўйган. Қўлингиздаги китоб уйдирмалардан холи, қаҳрамонлари ҳам тўқима бўлмай, сиз билан ёнма-ён яшаётган юртдошларимиз ҳаётидан олинган.

Фармон Тошев бу борада озмунча... кўйлак киймаган! Қалами ўткир публицист, сўзи нозик шоир, драматург ва донишманд носир, давлат ва жамоат арбоби сифатида ўз ҳаётий кузатишлари, ўй-мулоҳазалари, ҳукм-хулосаларини қатор-қатор асарларига, китобларига сиғдиролмаслиги жуда-жуда табиий. Қўлимиздаги жилддан ўрин олган қиссалар ва ҳикоялар фикримизга яққол тасдиқ вазифасини ўтайди. Бу мулоҳазалар атоқли адибнинг Фармон Тошев ҳаёти ва қайноқ ижоди, ўнлаб асарлари ҳақидаги кузатишлари, эътирофи эканлигини алоҳида таъкидлаш зарур.   

Шунингдек, танланган асарларнинг биринчи жилдидан адибнинг ўн бешта ҳикояси ўрин олган. Уларда бугунги кун қаҳрамонларининг ҳаётига оид қизиқарли сюжетлар қаламга олинганлиги диққатингизни жалб этади.

Санам, севгинг сурур солғай саҳар соҳир саболарда,

Саодат сеҳриму саркаш сарафроздур садоларда.

Сабр сундим севиб сокин, синов-ла сийлади сайёд,

Саодат сийратин созлар сабуҳий сас-сафоларда.

Сўлим сойлар, сабоҳатли сурудлар сирли, сарварли,

Садоқат сўзлари сайрон “Сўлим”, “Сегоҳ” сатоларда.

Севилдим, севги савтидан сийм серзавқ, сийм сершавқ,

Соғинчларга сиғингуси севишганлар самоларда.

Юқоридаги эҳтирос билан йўғрилган гўзал сатрлар Фармон Тошев “Сайланма”си иккинчи жилдининг дастлабки саҳифаларидан жой олганлиги бежиз эмас. Унда шоир туйғулари, севги изтироблари ва дилини ўртаётган дарду аламлар ғазал жанрида ўз ифодасини топган. 

Сизга яхши аёнки, девон яратиш ҳар қандай ижодкорнинг ҳам қўлидан келавермайди. Буни тириклигидаёқ девон тузиш саодати насиб этган Муҳаммад Шайбонийхон ғазалларини ўқиганимда яна бир карра ҳис этганман. Қарийб беш юз саҳифани эгаллаган Фармон Тошев девонидаги турли жанр, тур ва услубларга мансуб асарлар унинг шеърий китоб яратиш маҳорати тобора ошиб бораётганлигидан далолат беради.

                                    Туйғулар куяди

                                                       ишқнинг тафтида,

                                    Соғинч саҳросида

                                                       ҳижрон ҳансирар.

                                    Тонготар уфққа

                                                       бош қўяр умид,

                                   Зангори севгидан

                                                       паноҳ топса гар.

Севги туйғусини ташбеҳлар ва символлар орқали бундай тасвир этиш ижодкор маҳоратидан далолат беради. У муҳаббатнинг изтиробларини ҳиссиз, ҳаяжонсиз баён этмайди, балки дилини ўртаётган адоқсиз ва тизгинсиз ҳиссиётларни илҳом ва эҳтирос ила қоғозга туширади.

Шунингдек, бу жилддан шоирнинг ҳажвий шеърлари ҳам жой олган. Уларда турли воқеа-ҳодисалар ва инсон табиатидаги салбий жиҳатлар гоҳида юмор, баъзан сатирик руҳда қаламга олинган.

“Сайланма”нинг тўртинчи жилдига таниқли адиб публицистикаси ва драмалари жамланган. Ёзувчи ижоди ҳақида илиқ фикрлар билдирган тажрибали ва таниқли публицистлардан бири Аҳмаджон Мелибоевнинг мулоҳазалари адиб ижодига берилган юксак баҳодир: “Фармон Тошев ҳамиша эл ичида, юрт шаъни ва ғурури қайғусида яшайди. Кимгадир тўғри йўлни кўрсатишдан, кимнингдир оғирини енгил қилишдан ҳаловат топади. Топган-тутганларини китобларига жо қилиб, ёшларга узатади. ”Зарафшон зарварақлари” бутун мамлакатга ёйилади. Мураккаб вазиятларда ўзини ижодкор, масъул лавозим эгаси сифатида эркин ва дадил тутади. Катта давраларда, кичикроқ йиғинларда, баҳсли вазиятларда айтадиган сўзи ва фикри бор. Кузатувда, таҳлилда пешқадам. У бундай даражага роса эллик йиллик заҳматли меҳнати, изланиши боис эришди. Эришган ютуқларига бевосита гувоҳ бўлганимдан хурсандман”. Таниқли ёзувчи, шоир, драматург, публицист Фармон Тошев ижоди хусусида бундан ошириб фикр билдириш мушкул.

Танланган асарларнинг сўнгги жилдидан ижодкорнинг бешта драматик асари ҳам ўрин олган. Уларнинг аксарияти драматургия жанри талаблари асосида яратилганлиги туфайли театр саҳналарида намойиш этилиши табиий. Айниқса, “Баҳодир Ялангтўш” драмасидаги конфликт, диалоглар, драматизм асар ғоясини очишда катта роль ўйнаган.

Сермазмун умр ва баракали ижод йўлининг етмишинчи довонидан ошган истеъдодли ёзувчи, талантли шоир, маҳоратли публицист Фармон Тошевга янада баркамол асарлар яратиш саодати насиб этсин, деймиз.

Жовли Хушбоқов,

ЎзА.