Ижодий учрашувлар ижодкорларни тарбиялайди

Нуробод туманидаги 55-умумий ўрта таълим мактабида атроф ҳудуддаги бир неча маҳалла болалари таълим-тарбия олади. Кейинги йилларда мактабда тарбия ва таълим соҳасида бир қанча сусткашликларга йўл қўйилди.

Аммо мана қарийб бир йилдирки мактабимиз туманда етакчи ўқув даргоҳига айланиб бормоқда. Бунга сабаб 2022 йилнинг март ойида мактабимизга Навоий шаҳридан Дилафрўз Ҳайитованинг директор бўлиб ишга тайинлангани бўлди.

Навоий вилоятидан келган директор мактабда иш бошлагач, таълим-тарбия соҳаси ижобий томонга ўзгарди. Ёш раҳбарнинг қатъий интизом ва талабчанлиги тезда самара бера бошлади. 2022-ўқув йилида 20 нафар битирувчимиз олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинди. Вилоят ҳокими мукофоти учун 10-синфлар ўртасида информатика фанидан ўтказилган мусобақада ўқувчиларимиз - Дилнура Бекназарова 1-ўринни, Рухшона Эгамбердиева эса 3-ўринни эгаллади.

Вилоят миқёсидаги мусобақада бир мактабдан икки нафар ўқувчининг асосий ўринларни қўлга киритиши жуда қувонарли ҳол. Бу ўқув даргоҳида таълим-тарбия соҳасида жиддий ишлар олиб борилаётганидан дарак беради.
Шунингдек, “Ёш китобхон” кўрик-танловининг туман босқичида Севинч Овғонова биринчи ўринни эгаллаб, мактаб шарафини ҳимоя қилди.
Бундан ташқари, мактаб раҳбарияти адибу шоирларни таклиф этиб, илмий-ижодий учрашувлар ташкил этади. Бу каби ижодий давра суҳбатлари ёш авлоднинг таълим-тарбиясига ижобий таъсир кўрсатмай қолмайди, албатта.

Эшқувват Эшнаев,
Нуробод тумани 55-умумий ўрта таълим мактаби тарғиботчиси.