Ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бўлган фуқаролар давлат хизматларидан фойдаланишда қандай имтиёзларга эга?
Саволга вилоят адлия бошқармаси давлат хизматлари кўрсатилиши устидан назорат қилиш шуъбаси бошлиғи Сардор Давронов жавоб берди:
- Давлат хизматларидан фойдаланишда имконияти чекланган аҳоли қатлами учун зарур қулайликлар яратиш доимий эътибордаги масала ҳисобланади. Шундан келиб чиқиб, Самарқанд шаҳар давлат хизматлари марказида эшитиш ва гапиришда нуқсони бўлган шахслар учун синов тариқасида 4 та муҳим бўлимда сурдо-таржимон хизмати йўлга қўйилди. Бунда хизмат марказлашган ҳолда кўрсатилиб, марказ ходими махсус веб-камера орқали тегишли сурдо операторлар билан боғланади. Улар фуқаро ва марказ ходими ўртасида мулоқотни таъминлашга кўмаклашади.
“Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимида рўйхатга олинган ҳамда I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ тўловлар бўйича 50 фоиз миқдорида чегирмалар мавжуд.
Шунингдек, ҳар бир шаҳар ва тумандаги давлат хизматлари марказида ногиронлиги бўлган фуқаролар учун махсус столлар ташкил этилган, уларга навбатсиз хизмат кўрсатилади.
***
Ушбу видеолавҳа ва мақола халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди гранти лойиҳаси асосида тайёрланди.