Ижтимоий назорат нима?
Самарқанд давлат университети профессори Фарҳод Набиевнинг “Ижтимоий назорат” дарслик китоби (СамДУ нашриёти, 2020 йил) нашрдан чиқди.
Сир эмас, ҳеч бир олийгоҳ, ҳатто фуқаролик жамияти институтларида назорат фаолиятига доир билимни тўла тарзда берадиган фан ўқитилмайди. Шу боис назорат фаолиятига боғлиқ бўлган ижтимоий тартиб муаммоси барча вақтларда жамиятшунос олимларни ўйлантириб келган энг долзарб муаммолардан бири бўлган. Бугунги кунда ҳам ижтимоий тартиб муаммоси ўз долзарблилигини сақлаб қолмоқда, чунки ҳали-ҳануз инсоният қандай қилсак жамиятда тартиб бўлади, деган саволга мукаммал жавоб топа олгани йўқ.
Шу жиҳатдан мазкур дарсликда назорат фаолиятини самарали ташкил этишга хизмат қиладиган бефарқликни жиловлаб, дахлдорлик ҳиссини шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Дарслик назорат тизимини самарали ташкил этишга тўсиқ бўлган ҳар иккала сабаб, яъни назорат фаолиятига доир билимнинг етарли эмаслиги ва бефарқлик кайфиятини жиловлашга хизмат қилади.
Шунингдек, муаллиф кишиларнинг назоратга доир билимларини янада кучайтиришда “Ижтимоий тараққиёт – ижтимоий тартиб – ижтимоий назорат – ижтимоий буюртма” назарий концепциясига асосланиши зарурлигини назарда тутиб, дарсликни шу асосда мукаммаллаштирган. Натижада китоб ижимоий тартибни ўрнатишга хизмат қиладиган назорат тизимини такомиллаштириш масалаларини ўргатишга бағишланган.
Дарслик ижтимоий тартибни ўрнатишга хизмат қиладиган ижтимоий назорат муаммолари ва, умуман, Ўзбекистоннинг янги тарихи билан қизиқувчи жамиятшунос олимлар, талабалар ва фуқаролик жамияти институтлари мутахассислари учун асқотадиган амалий қўлланмадир.
Акрам БЎРИЕВ.