Ижтимоий тармоқларда “Навоийда самосуд” номи остида тарқалган видеоёзув юзасидан маълумот берилди
Кеча, 7 октябрь куни “Telegram” мессенжери орқали фуқарони бўйин ва қўл қисмларини арқон билан боғлаган ҳамда фуқарога тан жароҳати етказиш аломатлари мавжуд кўринишда трактор тиркамасида мажбурий равишда олиб кетаётганлиги акс этган видео тарқалди.
Ҳолат юзасидан Навоий вилояти ИИБ ходимлари томонидан олиб борилган терговга қадар текширув ҳаракатлари даврида қуйидагилар аниқланди, деб хабар берди ИИВ ҳузуридаги тергов департаменти.
Маълум бўлишича, шу йилнинг 3 октябрь куни соат 10:30 да Навоий вилояти Қизилтепа тумани “Янги ҳаёт” МФЙ ҳудудида жойлашган фермер хўжалиги ер майдонида ушбу фермер хўжалик ишчиси бўлган 32 ёшли С.Ш. спиртли ичимлик истеъмол қилиб, маст ҳолда фермер хўжалиги раҳбари Ж.Н.,ни шаъни ва қадр-қимматини камситувчи ҳар хил қўпол сўзлар билан ҳақоратлаган.
Фермер Ж.Н. ҳамда ишчиси С.Ш.нинг юзи ва танасини турли жойларига уриб, тепиб, жароҳат етказган. Сўнгра арқон билан боғлаб, қўшни фермер хўжалиги тракторчиси С.Н. билан бирга хўжаликнинг дала шийпонига олиб борган ва қийноққа солиб, дарахтга боғлаб кетганлиги аниқланган.
Ўз навбатида шу куни бўлган ҳолатни Ж.Н. ўзининг қўл телефонига видеотасвирга олиб, таниши Т.Р.га, у эса бу видеони Қизилтепа туманидаги танишларига юборган.
Бундан ташқари, 2020 йил 4 октябрь куни фуқаро С.Ш. фермер хўжалиги раҳбари Ж.Н.нинг хонадонига бир кун олдинги ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида борганида фермернинг отаси 52 ёшли Н.В. ўзаро вужудга келган тортишувдан сўнг С.Ш.нинг турли жойларига уриб, тан жароҳати етказган.
Мазкур ҳолат юзасидан Қизилтепа тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 109-моддаси 2-қисми ва 138-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Суриштирув давом этмоқда.