Ўғли билан яшаб юрган аёлни маҳалладошлари билан «самосуд» қилган аёл видеолавҳаси юзасидан маълумот берилди

Ижтимоий тармоқларда Хоразмнинг Қўшкўпир туманида бир нечта аёл бошқа бир аёлни уриб, сочларини кесиб «самосуд» қилгани видеоси тарқалди.

ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти ушбу видео юзасидан маълумот берди.

Маълум бўлишича, жорий йилнинг 9 июнь куни тахминан соат 22:40 да Қўшкўпир тумани Иттифоқ маҳалласида яшовчи 20 ёшли Ҳ.О. дугоналари Д.А., Л.М., М.М., Д.К.лар билан биргаликда яшаш уйига келаётганида, олдидан 31 ёшли С.Д.нинг бошқарувидаги “Nexia” русумли автомашина келиб тўхтаганида, автомашинадан шу маҳаллада яшовчи К.Д., Р.Д. ва О.Д.лар тушиб, “Сен нима учун ўғлим ва келинимнинг турмушини бузиб, бузғунчилик қилиб юрибсан”, деб ҳар хил сўзлар билан ҳақорат қилиб, уриб тан жароҳати етказган ҳамда ушбу ҳолатни шу ерда бўлган С.Д. ўзининг уяли телефон аппаратига видеотасвирга олиб турган.

Х.О. шу маҳаллада яшовчи К.Д.нинг ўғли С.Д. билан 2016 йилдан буён яшаб келаётганлиги, ҳозирда бир нафар фарзанди борлиги аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Қўшкўпир тумани бўйича ИИО ФМБ хузуридаги тергов бўлинмаси томонидан К.Д., Р.Д., О.Д. ва Н.Р.ларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисми “б,г” бандлари (бир гуруҳ шахслар томонидан, ўз мазмунига кўра умумэътироф этган ахлоқ қоидаларини намойишкорона менсимасликда ифодаланувчи ўтакетган беҳаёлик билан безорилик содир этилса) билан жиноят иши қўзғатилган.