Имом-хатиблар маҳаллалардаги нотинч, ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган оилалар ва ногиронлиги бор фуқаролар билан учрашди

Вилоят бош имом-хатиби ва унинг ўринбосарлари, шунингдек, шаҳар ва туман бош имом-хатиблари иштирокида ҳудудларда мунтазам равишда сайёр учрашувлар ўтказиш режалари тузилган эди.
Унга кўра, жорий йилнинг февраль ойи давомида Жомбой, Иштихон, Каттақўрғон, Қўшработ, Оқдарё, Тойлоқ туманлари ва Каттақўрғон шаҳрида ана шундай учрашувлар ташкил қилинди.
Тадбир доирасида имом-хатиблар кам таъминланган ва нотинч оилалар ҳолидан хабар олишди. Шунингдек, маҳалла марказларида уюшмаган ёшлар билан суҳбатлар уюштирилди. Ишчи гуруҳ томонидан ҳар бир маҳалла фуқаролари сони, ижтимоий ҳолати ва муаммолари бўйича хатлов ўтказилиб, таҳлил қилинди.
Ўтган ой давомида жами 216 та маҳаллада сайёр учрашувлар ўтказилган бўлиб, ижтимоий ҳимояга муҳтож 130 оила, касалманд ва ногирон бўлган 35 нафар фуқародан ҳол сўралди. Уларга 26 миллион 580 минг сўм миқдорида моддий ёрдам кўрсатилди. Ходимларимиз кўмаги билан 20 та нотинч оила яраштирилди. “Меҳр” операцияси тадбирлари сабаб Суриядан қайтган 14 нафар аёл ва уларнинг болалари ҳолидан ҳам хабар олинди. Узоқ муддат хорижда бўлиб қайтган 180 нафар фуқаро, шунингдек ҳозирда чет элда юрган 215 нафар шахснинг оила аъзолари билан учрашиб, уларга зарур маслаҳатлар берилди. Ичкиликка ружу қўйган 9 нафар фуқаро билан алоҳида гаплашиб олинди.
Бу каби тадбирлар бир ой ичида ўзининг ижобий самарасини кўрсатди. Шунинг учун ҳам ана шундай сайёр учрашувлар мунтазам ўтказиб турилиши мақсад қилинди.
Зайниддин Эшонқулов,
вилоят бош имом-хатиби.