Имомали Раҳмон Тожикистонда коронавирус устидан ғалаба қозонганини эълон қилди
- 26.01.2021 16:28
- 77
- Хориж
"Тожикистон "COVID-19" ни тўлиқ мағлуб этди. Ҳозир Тожикистонда коронавирус йўқ, биз уни бутунлай йўқ қилдик", деди Президент Имомали Раҳмон парламентга йўллаган йиллик мурожаатида.
Шундай бўлса-да, у аҳолини хавфсизлик чораларига риоя қилишга чақирди.
"Биз бўшашмаслигимиз, шахсий ва умумий гигиена қоидаларини унутмаслигимиз зарур", деди Президент.
Имомали Раҳмоннинг сўзларига кўра, Тожикистон ҳукумати ўтган йили миллий соғлиқни сақлаш тизимини қўллаб-қувватлаш учун 1,6 миллиард сомоний (145 миллион доллардан ортиқ) ажратган ва мамлакатда 30 га яқин янги касалхоналар зудлик билан фойдаланишга топширилган.
Тожикистон соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 15 кундан бери Тожикистонда коронавирус инфекциясининг янги ҳолатлари аниқланмади.