КХШТ давлатларининг мингга яқин ҳарбий хизматчиси Тожикистонда йиғилди
Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ)га аъзо давлатлардан мингга яқин ҳарбий хизматчи Тожикистонга “Чегара-2022” қўшма машғулотларига жўнатилди. Унинг фаол босқичи бир ҳафтадан сўнг бошланади, деб хабар берди КХШТ машғулотларининг бирлашган матбуот маркази.
“Марказий Осиё минтақаси жамоавий тезкор қўшинлари контингентлари қўшма машғулотларда иштирок этиш учун Тожикистонга жўнатилди”, дейилади хабарда.
Унда таъкидланишича, КХШТнинг Марказий Осиё минтақасига аъзо давлатлар ҳарбий контингентларининг “Чегара-2022” машғулотлари 10-21 октябрь кунлари Тожикистонда бўлиб ўтади, унинг фаол босқичи 17 октябрдан бошлаб Ҳарбмайдон полигонида бўлиб ўтади.
“Тожикистондаги ўқув машғулотларида қатнашувчиларнинг умумий сони 1000 га яқин киши бўлиб, 300 дан ортиқ ҳарбий ва махсус техника, жумладан, самолёт, вертолёт ва учувчисиз учув аппаратлари бўлиши режалаштирилган”, дейилади матбуот маркази баёнотида.
Машғулотлар мавзуси КХШТга аъзо давлатлар ҳудудига бостириб кирган ноқонуний қуролли гуруҳларни йўқ қилиш бўйича жанговар ҳаракатларга тайёргарлик кўриш ва ўтказишдир.