Инсоният тарихида биринчи марта коинотга парвоз қилган инсон юлдузи қай тариқа сўнди?

Юрий Гагарин инсоният тарихида биринчи бўлиб коинотни забт этди. Ҳали ҳеч кимга насиб этмаган шон-шуҳрат, иззат-икромга сазовор қаҳрамон қолган умрини шоҳона яшаб ўтказиши мумкин эди. Бироқ, уни осмон ўзига чорлар, парвоз мафтуни эди.

…1968 йил 28 мартда дунё оммавий ахборот воситалари Юрий Гагариннинг синов-машқ парвози чоғида фожиали ҳалок бўлганини хабар қилди. Ўша мудҳиш кундан бир кун аввал 27 март куни Гагарин ва Ҳарбий Ҳаво кучлари инструктори, полковник Серёгин МиГ-15 УТИ қирувчи самолётида ўқиш-синов машқини бажаришлари лозим эди. Парвоздан 13 дақиқа ўтгач, Гагарин Ерга кўзда тутилган машқ-синовлар бажарилгани ҳақида хабар бериб, базага қайтишга рухсат сўради. Экипаж эфирга бошқа чиқмади. Самолёт ҳалокатга учраганди. Самолёт парчаларини қидирувчи гуруҳ Киржача шаҳарчаси яқинида даҳшатли фожианинг гувоҳи бўлдилар. Гагарин ва Серёгиннинг жасадлари тилка-пора бўлиб парчаланиб кетганди.

Ҳалокатнинг эртаси куни ҳукумат махсус комиссияси фожиани ўрганиб шундай хулосага келди: «МИГ-15» ҳалокатига атмосфера юқори қатламига чиқарилган ҳаво шари - зонд сабаб бўлган. Унга дуч келган самолёт тўқнашиб кетмаслик учун кескин бурилган ва бошқарувни йўқотиб қулаб тушган…».

Комиссия хулосасида ҳаво шари кимга тегишли, тақиқланган зонага ким учирган, лом-мим дейилмаганди.

Мустақил экспертлар комиссияси аъзолари Арсений Миронов ва космонавт Алексей Леонов, генерал-лейтенант Сергей Белосерповларнинг фикри эса бошқача.

2013 йил. А.Леонов: «Гагарин учаётган ҳудудда бошқа - «СУ-15» ҳаво лайнерининг янги тури 10 минг метр баландликда парвоз қилган. Аммо унинг учувчиси парвоз режимини бузиб, 500 метр масофада учган. Гагарин бошқараётган самолёт унга 10-15 метр яқинлашган ва унинг ортида пайдо бўлган уюрма ҳаво гирдобга тушиб бошқарувни йўқотган ва тумшуғи билан пастга қулаган».

А.Миронов: «Гагарин ва Серёгин бошқарувидаги «МИГ-15» учувчи Андреевнинг «СУ-15» самолёти билан тўқнашиш хавфи пайдо бўлгач, унинг олдини олиш жараёнида ҳалокатга учраган».

Генерал Белосерпов ҳам шундай фикрни билдирган. Савол туғилади: ўқув-машқ парвозлари амалга оширилаётганда ушбу зонада бошқа ҳар қандай парвозлар тақиқланганига қарамай, нега ҳаво шари, «СУ-15» самолёти ҳавода бўлган? Ўтган давр мобайнида олиб борилган турли текширувлар хулосасида бу саволга ҳамон жавоб йўқ.

Гагарин ва Серёгин қаҳрамонлар сифатида юксак иззат-икром билан дафн этилди. Сталиннинг дафн маросимидан кейин мамлакатда бундай мотам маросими ўтказилмаган эди. Митингда ҳалок бўлганларнинг сафдошлари, давлат раҳбарлари қаҳрамонларнинг жасорати ва хизматлари халқ қалбида мангу яшашини таъкидладилар. Қаҳрамонлар хоки солинган қути Кремль деворлари орасидан жой олди ва исм-шарифлари, туғилган, ҳалок бўлган йил саналари битилган мармар лавҳа қопқоқ билан ёпилди. Инсоният тарихида биринчи марта коинотга парвоз қилган инсон юлдузи шу тариқа сўнди.

«Тайны СССР» журналининг  2016 йилдаги 12-сонидан Шокиржон ШЕРАЛИЕВ таржимаси.